Руҳоний Европа мамлакатларини огоҳлантирди

Олам

image

Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний Европа давлатларини огоҳлантирди. У Яқин Шарқдаги Европа давлатлари ҳарбийлари хавфда қолиши мумкинлигини таъкидлади. 

Руҳоний Эрон 2015 йилдаги ядро келишуви талабларини бажаришни тўхтатганидан кейин Буюк Британия, Франция ва Германия мамлакатга қарши санкцияларни тиклашни бошлаганини бунга сабаб қилиб кўрсатди.

Руҳоний шунингдек, Европа давлатларини ядро дастури бўйича келишувдан бир томонлама чиқиб кетган АҚШ қарашлари билан ҳаракатланишини танқид қилди.

“Бугун америкалик аскар хавфда, эртага европалик аскарлар ҳам хавфда бўлиши мумкин. Келинг хавфсизликни таъминлайлик! Биз дунёда беқарорлик бўлишини хоҳламаймиз. Биз сизлар (европаликлар) минтақадан ақл билан, урушсиз чиқишингизни истаймиз”, деган Руҳоний.

Эрон Президенти Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси”ни (ҲУҲР) Трамп билан келишувга алмаштириш таклифини ҳам танқид остига олди. У янги келишув кафолатига шубҳа билдирди.

“Трамп иқлим бўйича келишувдан бош тортганда, сизлар (европаликлар) нима қилдингиз? У НАТО билан тортишгандачи? UNESCO`дан чиққанида нима қилдингиз? Трамп БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидан чиққанидан нима қилолдингиз?”, деб Европа давлатлари олдига савол қўйган.

Маълумот учун, кеча, 14 январь куни расмий Берлин, Лондон ва Париж ҲУҲР доирасида муаммоларни ҳал қилиш механизмини ишга туширди. Келишувга алоқадор бўлган Россия бу қарор бўйича ташвишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Эрон генерал Қосим Сулаймоний Бағдодда АҚШ ҳужуми натижасида ўлдирилгач, ядро дастури бўйича келишув доирасидаги мажбуриятларини бажаришни тўхтатганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳасан Руҳоний ядро келишуви

Баҳолаганлар

385

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг