Эрон собиқ президенти Ҳасан Руҳонийга қарши жиноий иш қўзғатилди
Олам
−
15 Август 2023
8190Эрон собиқ президенти Ҳасан Руҳонийга нисбатан молия бозоридаги фирибгарлик айблови билан бир нечта жиноий иш очилган. Бу ҳақда Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон суд ҳокимиятининг расмий вакили Масъуд Сетаеши маълум қилди.
“Руҳонийлар бўйича махсус прокуратурада Эроннинг собиқ президенти, руҳоний унвони ва мартабасига эга Ҳасан Руҳонийга нисбатан бир неча иш қўзғатилди”, дейди Сетаеши.
Унга кўра, Руҳоний суд олдида бир қатор саволларга жавоб бериши керак бўлади. У валюта фирибгарлиги, шунингдек, Эрон фонд бозорига аралашишда айбланмоқда.
Маълумот учун, Ҳасан Руҳоний 2013 йил августидан 2021 йил августигача Эрон президенти бўлган. У икки муддат давлат раҳбари сифатида ишлаган. 2017 йил декабридан 2018 йил январигача Эронда ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди, унда намойишчилар Руҳонийнинг президентлигидан норозилигини билдирган. 2021 йил август ойида бир гуруҳ Эрон парламенти аъзолари Ҳасан Руҳонийни ўз вазифаларини бажара олмаётганликда айблаб, судга мурожаат қилган. Жумладан, парламентарийлар унинг президентлиги даврида фонд бозори инқирозга юз тутгани ва кўплаб инвесторлар бойликларининг катта қисмини йўқотганидан норози бўлган.
LiveБарчаси