Роза Отунбоева Афғонистонда “Толибон” вакили билан учрашди
Олам
−
04 Апрель 2023
8966БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбоева Қобулда “Толибон” Бош вазир ўринбосари Абдул Кабир билан учрашди. Бу ҳақда “Ariana News” хабар берди.
Манбага кўра, учрашув давомида Абдул Кабир “Толибон” ҳукумати БМТ томонидан қўйилган барча шартларни бажарганини ва буни тан олиш вақти келганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, Афғонистон халқаро ҳамжамият билан фаол алоқада бўлишни истайди, бироқ бунинг учун БМТ давлат ва унинг амалдорлари (аслида “Толибон” ҳаракати етакчилари)га киритилган санкцияларни бекор қилиши керак бўлади.
Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ИШИД ҳақиқатдан ҳам глобал таҳдид ҳисобланади. Бироқ “Толибон” Афғонистонда бу гуруҳни йўқ қилган. Шунингдек, у давлат ўзаро мулоқотга ишонишини, инклюзив бошқарув тизимига амал қилиш ниятида эканини, бироқ бу тизимдаги тайинловлар тажриба асосида амалга оширилиши кераклигини қайд этган.
Ўз навбатида, Роза Отунбоева Афғонистон муаммоларини мулоқот орқали ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаб, БМТ бу йўналишда иш олиб боришини таъкидлаган. Шунингдек, у “Толибон”ни Рамазон ойи билан табриклаган ва БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Роза Отунбоева 2010-2011 йилларда Қирғизистон Республикаси Президенти бўлган. Шунингдек, у уч марта ташқи ишлар вазири лавозимида ҳам фаолият юритган. Бунгача у Ташқи ишлар вазирлигида муҳим дипломатик лавозимларда, жумладан, Қирғизистоннинг АҚШ ва Канададаги (1992-1994) ҳамда Буюк Британиядаги элчиси (1997-2002) лавозимларида ҳам ишлаган. 2022 йил 3 сентябрда эса Роза Отунбоева БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан унинг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланган.
LiveБарчаси