Россиясиз Украина бўйича тинчлик келишувини муҳокама қилиш хавфли – Марк Рютте
Олам
−
13 Декабрь 2024
3908Россияни музокаралар столига қўймасдан, Украина бўйича тинчлик келишувларини муҳокама қилиш катта хавф туғдиради. Бу ҳақда 11 декабрь куни Брюсселдаги Carnegie Europe таҳлил марказида бўлиб ўтган мунозара чоғида НАТО Бош котиби Марк Рютте сўз очди.
“Бу ерда катта хавф бор: биз Владимир Путинни музокараларга жалб қилмасдан, қандай тинчлик келишувига келишимиз мумкинлиги ҳақида ўзаро гаплашяпмиз”, деган Рютте.
Унинг сўзларига кўра, НАТО давлатлари орасида Украина можаросини қандай якунлаш бўйича очиқ муҳокамалар бўлиб ўтмоқда, ҳатто матбуотда ҳам.
НАТО Бош котиби биринчи навбатда Украина фронт чизиғининг Киев учун нотўғри йўналишда силжимаслигини таъминлаш кераклигини таъкидлаган.
“Фронт чизиғи шарққа эмас, ғарбга силжияпти. Украина музокараларни ўз ҳукуматининг қарори билан кучли позициядан бошлаши керак”, деган у.
Шунингдек, Рютте асосий савол, эҳтимолий келишувда ким ғолиб бўлишини айтган: АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампми ёки Россия раҳбари Владимир Путинми?
"Агар ғолиб Путин бўлса ва келишув муваффақиятсиз чиқса, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин бунга диққат билан қараб, у ҳам Тайвань учун ҳаракат қила бошлайди", дея тахмин қилган Рютте.
Бош котиб таъкидлашича, Украина бўйича келишув тузилса, у адолатли ва барча зарур элементларни ўз ичига олиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия ва Эрон Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад жиноятларига шерик экани ва режимнинг қулаши ушбу икки давлатнинг “ишончсиз шериклар” эканини кўрсатганини айтганди.
LiveБарчаси