Россиянинг Украинага босқини фонида Имрон Хон Москвага келди
Олам
−
24 Февраль 2022
23217Россиянинг Украина ҳудудида амалга ошираётган ҳарбий операциялари фонида Покистон Бош вазири Имрон Хон Владимир Пути билан учрашиш учун Москвага келди. Бугунгача Франция Президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан овал столнинг узун қисми бошидан, узоқ масофада туриб гаплашган Путин Имрон Хон билан жуда яқин масофада, одатдагидек мулоқот қилиш йўлини танлаган.
Кремлга кўра, бу Донбассни ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операция бошланганидан бери Россия етакчиси билан биринчи юзма-юз музокара бўлган.
Икки кун аввал Илҳом Алиев билан учрашувда коронавирус чекловлари сабаб узоқ масофада учрашув ўтказаётганидан афдусдалигини айтган Путин, Имрон Хон билан музокараларни қўшимча анти-COVID чекловларисиз бошлагани айтилмоқда. ТАСС ҳам ўзи тарқатган хабарда икки давлат раҳбарлари ўртасида бир неча метрлик ижтимоий масофа йўқлигига эътибор қаратган.
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, бунга, хусусан, Алиев, Макрон ва Шольц учрашув олдидан ПЗР текширувидан ўтишда россиялик шифокорлар хизматидан фойдаланишдан бош тортгани сабаб бўлган.
Суратга олиш маросимидан сўнг, Путин ва Имрон Хон ўртасидаги суҳбат оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ эшиклар ортида давом этган.
Урғуланишича, Имрон Хон сўнгги 20 йил ичида Россияга келаётган Покистоннинг биринчи Бош вазири. Бундан аввалги Ҳукумат раислари Россия ташрифни амалга оширмаган.
Кремль матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув кун тартибига икки томонлама муносабатларга оид масалалар ҳам, минтақавий мавзулар ҳам киритилган.
"Икки давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилмоқда. Минтақавий долзарб масалалар, жумладан, Жанубий Осиёдаги вазият юзасидан фикр алмашилмоқда", дейилади Президент сайтида.
LiveБарчаси