Россиянинг Украинадаги ғалабаси НАТО учун асосий хавфни олиб келади – Столтенберг

Олам

image

Кеча, 9 июль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Вашингтонда бошланган НАТО Давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитида альянс давлатлари Россиянинг Украинага қарши урушда ғалаба қозонишига йўл қўя олмаслигини айтди. Бу ҳақда альянс матбуот хизмати хабар берди.

Украинадаги вазиятни таҳлил қилиш ва мамлакатни қўллаб-қувватлаш мавзуси билан бошланган саммит кун тартибида Столтенберг иттифоқчиларни Киевга нисбатан кўмакни кучайтиришга чақирди. Альянс раҳбарининг сўзларига кўра, Москванинг ғалабаси катта хавфлардан бири бўлади.

“Ушбу урушнинг натижаси ўн йилликлар учун глобал хавфсизлик тизимини белгилаб беради. Йўқотиш ва хавф-хатарларсиз ғалаба қилишнинг имкони йўқ. Бироқ энг катта харажат ва энг катта хавф – бу Россиянинг Украинадаги ғалабаси бўлади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз лозим”, деган альянс Бош котиби.

Унинг қайд этишича, Россия урушда ғалаба қилса, бу Президент Путин, шунингдек, Эрон, Шимолий Корея ва Хитойдаги бошқа етакчиларни ҳам руҳлантиради.

“Эркинлик ва демократияни ҳимоя қилиш вақти келди”, дея таъкидлаган Столтенберг.

Шу билан бирга, у Украина каби янги давлатларни НАТОга қабул қилишни давом эттириш тарафдори эканлигини эслатган. Бош котибга кўра, “Совуқ уруш” тугаганидан кейин иттифоқнинг кенгайиши Европани бирлаштириб, интеграцияга йўл очди ва қитъага тинчлик ва фаровонлик олиб келди.

“Ўша пайтдагидек, бугун ҳам аниқлик ва қатъият борасида намуна кўрсатиш керак”, дейди у.

Маълумот учун, НАТО ташкил топганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган саммитда ташкилотнинг иттифоқ географияси учун таҳдид ва хавфларга қарши кураш ва мудофаа соҳасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳам фикр алмашилади. Саммит 9-11 июль кунлари давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали расмийларидан бири Украинанинг НАТО саммитида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қўллаш борасида яхши хабар олишини айтганди. Шунингдек, Вашингтонда “No to NATO” фаоллар уюшмаси томонидан альянс саммитига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Украина Йенс Столтенберг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг