Россиянинг Харьковга ҳужуми оқибатида қутқарувчилар ҳалок бўлди
Олам
−
04 Апрель
5205Россия бугун, 4 апрелга ўтар кечаси Харьковга зарба берди ва бунинг оқибатида камида тўрт нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
"Тўрт киши ҳалок бўлди, шулардан уч нафари қутқарувчи. Ҳозиргача беш киши, жумладан, бир қутқарувчи жароҳатлангани маълум. Турли манзиллардаги тураржой бинолари шикастланган, ёнғин келиб чиққан", дейилади вазирлик хабарида.
Шу билан бирга, шаҳар мэри Игорь Терехов Харьковнинг айрим ҳудудларида электр энергияси узилиши мумкинлигини айтди.
Харьков ҳукумати вакилларининг таъкидлашича, Россия биринчи ҳужум содир бўлган ҳудудда фавқулодда хизматлар ишлаётган вақтда шаҳарга иккинчи зарбани берган. Тереховнинг сўзларига кўра, тураржой биноларининг ўққа тутилиши оқибатларини бартараф этиш учун келган уч нафар қутқарувчи ҳалок бўлган. Бундан ташқари, такрорий ҳужум чоғида Фавқулодда вазиятлар хизматининг бир ходими тан жароҳати олган ва жиҳозларга зарар етказилган.
Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълумотларига кўра, тўртинчи қурбон фуқаро аёлдир. Унинг қўшимча қилишича, Россия ҳужумларидан кейин уч киши тиббий муассасаларга ётқизилган, ярадорлардан бири оғир аҳволда.
Маълумот учун, 1 апрель куни Игорь Терехов Украинанинг “Liga.net” интернет нашрига берган интервьюсида Россия ўша вақтга келиб, Харьковнинг деярли бутун энергетика инфратузилмасини вайрон қилганини айтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь