Россиянинг қўшнилари оммавий урушга тайёрланмоқда – “Politico”
Олам
−
16 Июнь 15311 2 дақиқа
Россия Федерацияси билан чегарадош Европа мамлакатлари соғлиқни сақлаш тизимини уруш ҳолатига тайёрламоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Нашрга кўра, Литва, Польша ва Эстония кутилаётган ҳарбий тўқнашув эҳтимолига қарши турли чораларни кўрмоқда. Жумладан, Литва НАТОнинг шарқий қанотига ҳужум бўлиши каби энг ёмон сценарийга тайёрланмоқда. Россиянинг Украинага тўлиқ ҳажмдаги босқини ортидан ҳарбий можаро таҳдиди кескин кучайгани таъкидланмоқда.
Мамлакатда ҳарбийлар, полиция, ёнғин ўчириш хизматлари, шифохоналар ва тиббиёт ходимлари фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилишга ўргатилмоқда.
Вильнюсдаги университет клиникаси – Santaros Clinics энергия ёки сув таъминоти тўхтатилган тақдирда ҳам фаолият кўрсатиши мумкин бўлган ерости инфратузилмаси, бошпаналар, вертолёт қўниш майдончалари ва автоном тизимларни ишлаб чиқмоқда.
Эстонияда эса тез ёрдам бригадалари учун зирҳли жилетлардан ташқари, анъанавий алоқа тармоқлари ишдан чиққан ҳолатларда фойдаланиш учун сунъий йўлдош телефонлари тарқатилиши режалаштирилган. Ҳатто зарурат туғилса, мустақил интернет тармоғини яратиш режалари ҳам бор. Украина тажрибасидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимига электр генераторлари ўрнатилмоқда.
Маълум қилинишича, айниқса Шарқий Европадаги кўплаб шифохоналар совет давридан қолган ва улар заиф ҳисобланади.
Эстония, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда дарҳол фойдаланиш мумкин бўлган мобил тиббий блокларни – вақтинча даволаш муассасаларини сотиб олаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Эстония умумий тизим тайёргарлигини кучайтирмоқда: шифохоналар, тез ёрдам бригадалари ва тиббиёт ходимлари “инқироз режими”га ўтишга – беморларнинг кескин кўпайиши шароитида ишлаш ва ҳарбий даврга хос жароҳатлар – портлаш, ўқ яралари, куйишлар, ампутациялар, умуртқа ва бош мияга оид шикастлар билан шуғулланишга тайёрланмоқда.
“Болтиқбўйи давлатлари оммавий қурбонлар ҳолатига тайёргарлик кўрмоқда. Жумладан, Эстония жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш воситалари – ортопедик ускуналар, артериал қон кетишини тўхтатиш жгутлари, травматологик тўпламлар каби жиҳозлар хариди учун 25 миллион евро ажратган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония Россия чегарасига яқин жойлашган Нарва шаҳрида ҳарбий база барпо этишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Базада 200-250 нафар эстониялик ҳарбий хизматчи ва мамлакатнинг иттифоқчиларидан иборат бўлинмалар жойлаштирилади.
Live
Барчаси