Эстония Россия билан чегарада ҳарбий база қуради
Олам
−
23 Апрель 3381 1 дақиқа
Эстония Россия чегарасига яқин жойлашган Нарва шаҳрида ҳарбий база барпо этишни режалаштирмоқда. Базада 200-250 нафар эстониялик ҳарбий хизматчи ва мамлакатнинг иттифоқчиларидан иборат бўлинмалар жойлаштирилади. Бу ҳақда Эстония Мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Вахур Карус маълум қилди.
“Биз шаҳар аҳолисига бу ерда Эстония давлати борлиги ҳақида аниқ сигнал юборамиз. Нарваликлар ҳарбийларнинг кундалик ҳаётларининг бир қисмига айланишига кўникишади. Бу – бир маънода Нарва Эстониянинг ажралмас қисми эканини кўрсатувчи намойиш бўлади,” деди Карус.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий база қуриш масаласида у Эстония парламентидаги партиялар билан музокаралар ўтказган ва уларнинг ижобий муносабатига эга бўлган.
Карус, шунингдек, базада ротацион асосда турли ҳарбий бўлинмалар жойлаштирилишини қўшимча қилган. У ерда доимий ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга чақирилганлар ҳамда захирадаги ҳарбийлар жойлашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва, Латвия ва Эстония Мудофаа вазирликлари Россия ва Беларусь билан чегарани миналаш масаласини кўтарганди. Ушбу уч республика Мудофаа вазирлари чегарани бир неча қатламли истеҳкомлар билан мустаҳкамлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Гап пиёдаларга қарши ва танкка қарши миналар ҳақида бормоқда.
Live
Барчаси