Россияни ҳар қандай спорт тадбирларидан четлатиш таклиф қилинди
Спорт
−
17 Март 2022
4382Россиялик спортчиларга ҳар қандай спорт ва маданий тадбирларда қатнашишни тақиқлаш керак. Россия байроғи остида мусобақаларда қатнашишни тақиқлашнинг ўзи етарли эмас.Бу ҳақда украиналик теннисчи Александр Долгополов BBC билан суҳбатда гапириб ўтди.
“Медведев ва бошқа теннисчилар Россия байроғини олиб ташлаши ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бўлаётган воқеаларга(урушга) қарши бир неча сўз айтганларидан кейин россиялик теннисчиларнинг ўйнашига рухсат бериш тўғри эмас. Улар айтган гаплар етарли эмас. Мен шахсан барча русларни биламан, ҳатто Даниил Медведев билан ҳам ўйнаганман. Улар яхши йигитлар. Мен уларга қарши эмасман, лекин Россияга ҳар қандай спорт ва маданий тадбирларда қатнашишни тақиқлаш керак, деб ўйлайман”, деган Александр Долгополов.
Россия спортига киритилган чекловлар
Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди.
Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.
Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.
FIFA ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.
Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.
Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг "Шальке 04" клуби ва UEFA'нинг ўзи ҳам Россиянинг "Газпром" трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди.
Шунингдек, 2023 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган Махсус Олимпиада ўйинлари бекор қилинди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси