ХПҚ Россия ва Беларусни мусобақалардан четлатди
Спорт
−
03 Март 2022
3527Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан иқтисод ва банк-молия тизимидан ташқари рус спортчилари ҳам азият чекишда давом этмоқда. Бу сафар Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди. Ташкилот ушбу иккита давлатга нейтрал мақомда мусобақаларда қатнашишга рухсат берганди, лекин бу қарор ўзгартирилди.
IPC матбуот хизмати хабарига кўра, аксарият миллий қўмиталар, жамоалар ва спортчилар руслар ва беларуслар билан рақобат қилишдан бош тортган. Шунингдек, Олимпия шаҳарчасида кескин вазият юзага кела бошлагани айтилган. Шу сабабли мусобақа хавф остида қолди. Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда Халқаро Паралимпия қўмитаси руслар ва беларусларни мусобақалардан четлатишга қарор қилди.
Бундан олдин, россиялик атлетлар Токио 2020 ёзги Олимпия ўйинлари ва Пекин 2022 қишки Олимпия ўйинларида нейтрал мақомда иштирок этганди.
Россия спортига киритилган чекловлар
Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди.
Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.
Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.
FIFA ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.
Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.
Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг "Шальке 04" клуби ва UEFA'нинг ўзи ҳам Россиянинг "Газпром" трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь