Россиялик сиёсатчи Алиевни ҳақорат қилди
Олам
−
10 Январь
19961Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россияни Embraer 190 йўловчи самолёти ҳалокатига алоқадорликда айблаганидан сўнг Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси Владимир Карасёв уни ҳақорат қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Менинг мамлакатимдан бирор нарса талаб қилишга журъат этадиганларнинг ҳаммаси шубҳасиз п......слар ва пе......лар!” деб ёзган Карасёв.
Шундан сўнг Россиядаги Озарбайжон элчихонаси Карасёвнинг Озарбайжон Президентига нисбатан ҳақоратомуз сўзлари билан боғлиқ вазият юзасидан муносабат билдириб, Россия томонига дипломатик каналлар орқали бундай баёнотларнинг мутлақо номақбул эканини маълум қилган ва элчихона Россия томонини бундай ҳолатларнинг келажакда такрорланишининг олдини олиш чорасини кўришга чақирган.
“Биз вазиятни кузатишда давом этамиз”, дейилади элчихона баёнотида.
Карасёвнинг гапларига Озарбайжон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раҳбари Амин Маммадов ҳам жавоб қайтарган. У сиёсатчининг сўзларини ҳақоратомуз деб баҳолаб, агар ушбу ҳолат жазосиз қолса, бу Жамоатчилик палатасининг даражасини кўрсатиб қўйишини таъкидлаган.
“Россия раҳбариятига нисбатан ҳам шунга ўхшаш мулоқот услубидан фойдаланиш мумкин бўлган кун яқин”, дейди Маммадов.
Ушбу муносабатлардан сўнг Карасёв сўзлари нотўғри талқин қилинганини таъкидлаган. Хусусан, у ўз изоҳида испанча “пидас” сўзини ишлатганини ва бу орқали “талаб қўядиган одамларга” ишора қилганини айтган.
Бироқ тилшунослар Карасёвнинг бу изоҳларини рад этди. Маълум бўлишича, испан тилида “пидас” ҳамда “педир” феъл шакллари мавжуд, лекин улар одамларни тасвирлаш учун ишлатилмайди. Испан тилида талабчан одамни ифодалаш учун “solicitante” (сўровчи), “exigente” (талабчан) ёки “demandante” (даъвогар) каби сўзлар қўлланилади.
Воқеалар фонида Кремль Владимир Карасёвнинг Илҳом Алиевни ҳақорат қилгани ҳақидаги ҳолатдан хабардор эмаслигини билдирган.
“Ростини айтганда биз қандай сўзлар ҳақида гап кетаётганини билмаймиз. Бу сўзларни кўрмаганмиз, эшитмаганмиз. Россия давлатининг ташқи сиёсати Президент томонидан белгилаб берилади ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа идоралар томонидан ТИВ координацияси остида амалга оширилади. Шу тамойилларга асосланиш лозим”, дейди Кремль воизи Дмитрий Песков.
Қайд этиш жоиз, Алиев авиаҳалокат оқибатида вафот этган экипаж аъзолари – капитан Игорь Кшнякин, учувчи Александр Калянинов ва стюардесса Ҳўкума Алиеванинг видолашув маросимидаги иштироки чоғида Россия Озарбайжондан кечирим сўрашдан ташқари, ўз айбига иқрор бўлиши, айбдорларни жазолаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва Озарбайжон давлатига, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон тўлаш кераклигини айтганди. Алиевга кўра, бу Озарбайжоннинг шартлари. Улардан фақат кечирим сўраш талабигина бажарилди, холос.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Песков Россия Президенти Владимир Путин Илҳом Алиевга икки марта қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраганини маълум қилган эди.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.