Россияга рус тилини биладиган ишчилар келиши керак – Володин
Олам
−
14 Май
10103Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин мамлакатга ишлаш учун келадиган одамларнинг рус тилини билиши ва анъаналарини ҳурмат қилиши муҳим эканини айтди. Бу ҳақда у кеча, 13 май куни ялпи мажлисда сўз очди.
“Биз учун одамлар рус тилини билган, урф-одатларимиз, маданиятимизни ҳурмат қилган ҳолда биз билан ишлашга келиши муҳим”, дейди Володин.
Унинг сўзларига кўра, бунинг учун дўст давлатлар билан ишлаш, у ерда рус тилини ўрганиши учун шароит яратиш керак. Давлат Думаси спикери ушбу мавзуда Вазирлар Маҳкамаси билан ҳам самаралироқ ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этди.
“Ҳозирда ҳамма нарса қилинган, деб айта олмаймиз. Йўқ, кўп муаммолар инсон бу ерга ишлаш учун келган давлат ҳудудида тил ўрганмаганлиги, урф-одат ва маданиятимизга аниқ муносабатда бўлгани учун юзага келади, кейин эса муаммолар пайдо бўлади. Бунинг олдини олишимиз керак", деб таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия – за правду”) партияси раиси, Давлат Думасидаги партия фракцияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиё мамлакатлари билан визасиз режимни бекор қилишни таклиф қилганди. Россия Давлат Думасининг депутати Михаил Шеремет эса уруш давомида Россияга мигрантларнинг киришини чеклаш таклифини илгари сурганди. Россия Ички ишлар вазирлиги эса миграция қонунчилигининг бир қатор қоидаларини кучайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
LiveБарчаси