Россияда мигрантларнинг мамлакатга киришини чеклаш таклиф қилинди
Олам
−
26 Март
16227Россия Давлат Думасининг депутати Михаил Шеремет уруш давомида Россияга мигрантларнинг киришини чеклашни таклиф қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Ички хавфсизликни ҳимоя қилиш мақсадида ҳозирги вақтда муҳожирларнинг мамлакатимизга киришини чеклашни таклиф қиламан. Афсуски, чегарани кесиб ўтган чет элликлар, биринчи навбатда, ўзлари учун хавф туғдиради, чунки улар автоматик равишда Ғарб разведка хизматларининг Россияда террорчилик ҳаракатлари учун шароит яратиш, шунингдек, вазиятни беқарорлаштириш воситаларини яратиш учун қизиқиш объектига айланади", дея иддао қилган Шеремет.
Депутат Россияга яхши ният билан саёҳат қилаётган бошқа давлатлар аҳолисини ҳурмат қилишини, аммо уларнинг баъзилари кўр-кўрона рус халқига зарар етказиш учун фойдаланилаётганини даъво қилган.
“Афсуски, бугунги кунда одамларнинг кириб келишида қандай ниятлар борлигини аниқлашга вақтимиз йўқ, чунки барча куч ва воситалар мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу боис, уруш вақтида мигрантлар Россияга боришларини истисно қилишлари керак, деб ҳисоблайман”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларига зарурат бўлмаса, Россияга бормасликни тавсия этди.
LiveБарчаси