Россияга Қозоғистон донини олиб кириш расман тақиқланди
Олам
−
17 Октябрь
7273Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) Қозоғистондан буғдой, ясмиқ, зиғир уруғи ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мамлакатга олиб киришга вақтинчалик тақиқ қўйди. Бу ҳақдаги тегишли қарор Россельхознадзор сайтида эълон қилинди.
“Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмат 2024 йил 17 октябрдан бошлаб Қозоғистон Республикасидан Россия Федерацияси ҳудудига юмшоқ ва қаттиқ буғдой, ясмиқ, зиғир уруғи олиб киришга вақтинчалик чекловлар жорий этади. Фақат Қозоғистон томонидан фитосанитария сертификатлари тўғридан тўғри якуний манзил давлатга тақдим этилиши шарти билан транзит дон олиб кириш ва темирйўл вагонларидан тўғридан тўғри кемалар омборларига юк кўчириш ҳолатлари бундан мустасно", дейилади Россельхознадзор қарорида.
Шунингдек, учинчи мамлакатлардан янги тарвуз, помидор, қалампир ва экиш учун кунгабоқар уруғларини олиб киришга ҳам тақиқ киритилмоқда.
Ҳужжатга кўра, бу қарор бугун, 17 октябрдан кучга киради ва амал қилиш муддати чекланмаган.
Маълумот учун, 23 сентябрдан бошлаб Россия Қозоғистон дони ва бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ҳудуди орқали транзит қилишга бир томонлама чекловлар киритган эди.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, 8 октябрь куни Россельхознадзор билан Қозоғистон карантин назоратидаги маҳсулотларини қайтариш бўйича музокаралар ўтказилган, 9 октябрь куни эса Евросиё иқтисодий комиссияси платформасида Россельхознадзор ва Россия давлат идоралари вакиллари, Қозоғистон давлат органлари ва бизнеси иштирокида биринчи маслаҳатлашув босқичи бўлиб ўтган.
Кеча, 16 октябрь куни Қозоғистон парламенти депутати Айдарбек Хожаназаров Бош вазир Олжас Бектеновдан Россия билан музокараларни бошлашни ва Қозоғистон маҳсулотларини транзит қилишга қўйилган асоссиз фитосанитария чекловларини бекор қилишни сўраган. Шунингдек, у Россия маҳсулотларини Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилиш тарифларини қайта кўриб чиқиш ва Россельхознадзор устидан ушбу ташкилот туфайли маҳаллий экспортчилар зарар кўраётгани учун судга даъво киритиш кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Росселхознадзор Қозоғистондан Россияга экспорт қилинадиган дон ва унинг қайта ишланган маҳсулотлари, кунгабоқар уруғлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари учун фитосанитария сертификатларини беришни тўхтатишни сўрагани хабар қилинган эди.