Россия Қозоғистондан ғалла импортини тақиқлади
Олам
−
08 Октябрь
5737Росселхознадзор Қозоғистондан Россияга экспорт қилинадиган дон ва унинг қайта ишланган маҳсулотлари, кунгабоқар уруғлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари учун фитосанитария сертификатларини беришни тўхтатишни сўради. Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли мурожаатни сентябрь ойи ўрталарида олди. Бу ҳақда республика Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ермек Кенжеханули маълум қилди.
Билдирилишича, сўров Россия Федерациясининг фитосанитар фаровонлигига таҳдид соладиган етказиб бериладиган маҳсулотларда "аниқланган карантин объектлари" билан боғлиқ бўлган.
“Биз жавоб хатида аниқланган қонунбузарликлар ҳақида бизга далил фактларни тақдим этишларини сўрадик. Бугун биз ушбу қоидабузарликлар ҳақиқатда содир бўлганлигига ишонч ҳосил қилиш учун аниқланган лаборатория текширувлари ва бу ишларнинг натижалари бўйича тегишли далолатномалар беришни сўрадик", деди Ермек Кенжеханули ва Россия томонидан ҳозирча жавоб бўлмаганини қўшимча қилди.
Қозоғистоннинг АПК Новости ихтисослаштирилган агентлиги дон бозори иштирокчиларига таяниб, Росселхознадзорнинг мурожаатини 1 августда жорий этилган ва жорий йилнинг охиригача амалда бўладиган Россия донини Қозоғистонга олиб кириш тақиқига жавоб деб атади. Бу қарор яхши ҳосил фонида мамлакатга катта ҳажмдаги арзон рус буғдойининг импортини чеклаш мақсадида қабул қилинган. Қозоғистон дон иттифоқи бунга рози бўлмади. Улар Россия томонидан қозоғистонлик деҳқонларга нисбатан эҳтимолий жавоб чоралари ҳақида огоҳлантирган.
“Бу мумкин бўлган савдо уруши. Бизнинг ҳокимиятда иккита йўл бор: ё Россия буғдойини олиб киришга қўйилган тақиқни олиб ташлаш, ёки ун, сут, гўшт маҳсулотлари ва ҳоказоларга тақиқ жорий этиш. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, бунга жавобан кўмир, нефть ва нефть маҳсулотларининг транзити тақиқланади... Иккинчи ҳолда, ЕОИИни тарк этиш мантиқий позиция бўлади. Ва ЕОИИнинг тугаши”, деди агентликка Дон иттифоқи вакили Евгений Карабанов.
Карабановнинг қўшимча қилишича, Роспотребнадзор томонидан киритилган чекловлар “Россия ўз иқтисодий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши ҳақида расмий огоҳлантириш”дан бошқа нарса эмас. Бозор иштирокчилари Қозоғистон донини Россия Федерацияси орқали Европага транзит ташишда “қийинчиликларни бошдан кечира бошлаганликлари” ҳақида аллақачон хабар беришмоқда.
Айни пайтда, Қозоғистонда, “Независимая” газетанинг қайд этишича, бу йил ғалла ҳосили катта – 17 миллион тоннагача буғдой етиши кутилмоқда. Республика ўз эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлади ва қолган 2 миллион тонна экспорт қилинади.
LiveБарчаси