Россияга бораётган қирғизистонликлар огоҳлантирилди
Олам
−
18:36
2250Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини 1 декабрдан кучга кирадиган Россия чегарасидан ўтишнинг янги қоидаларига тайёр бўлишга чақирди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВга таяниб, АКИ Press хабар берди.
“Россия Федерацияси ҳукумати қарорига кўра, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб Россияга кириш ва чиқишда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан биометрик маълумотларни олиш бўйича тажриба бошланади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Қайд этилишича, фуқаролар Москвадаги Домодедово, Шереметьево, Внуково ва Жуковский аэропортлари орқали, шунингдек, Оренбург вилоятидаги Маштаково автомобиль ўтиш пункти орқали Россияга кирганда биометрик маълумотларини топшириши керак бўлади.
“Биометрик маълумотлар рақамли суратга олиш ва қўл бармоқлари папилляр изларини сканерлашни ўз ичига олади”, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан ТИВ қирғизистонликларни Россия Федерацияси қонунчилиги талабларини ҳисобга олишга ва юқорида кўрсатилган чегара ўтиш пунктларида қўшимча процедураларга олдиндан тайёр бўлишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 декабрдан бошлаб Россияга кириш учун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан биометрик маълумотларни тақдим этиш бўйича синов лойиҳаси ишга туширилиши хабар берилган эди.