Россиядан Ўзбекистонга автобусда қайтмоқчи бўлганлар фирибгарлардан огоҳлантирилди
Local
−
11:45 572 1 minute
Россиядан Ўзбекистонга автобусда қайтмоқчи бўлган йўловчиларга “Uzautotrans Service” номидан сохта чипта сотиб, уларни ноқонуний автобусларга чиқариб юбораётган фирибгарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, фирибгарлар ижтимоий тармоқлар ва YouTube каналларида “Uzautotrans Service” автобусларининг фото ва видеоларидан фойдаланиб, қатновлар ҳақида эълонлар тарқатмоқда. Улар йўловчиларга давлат томонидан ташкил этилган автобус қатновлари орқали Тошкентга юборишларини айтади.
Фирибгарлар тегишли рейслар учун кассаларда чипта қолмаганини баҳона қилиб, йўловчиларга чипталарни фақат ўзларидан сотиб олишни таклиф қилади. Бунда чипталар белгиланган нархдан бир неча баробар қимматга сотилади. Бундай чипталарни сотиб олган йўловчилар эса ноқонуний фаолият юритувчи автобусларга чиқариб юборилмоқда.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, “Uzautotrans Service” автобуслари Москва шаҳридаги “Новоясеневская” ва “Котельники” автостанцияларидан Тошкент автовокзалига ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари қатнайди. Чипталарни ушбу автостанциялар кассаларидан, шунингдек, автостанцияларнинг мобил иловалари ва расмий сайтлари орқали онлайн харид қилиш мумкин.
Доимий қатновлар учун чипта нархи 8 500 рублни, шу куннинг ўзида ташкил этиладиган қўшимча рейслар учун эса 7 000 рублни ташкил этади.
Транспорт вазирлиги фуқароларни фирибгарларнинг сохта эълонларига ишонмасликка ва чипталарни фақат расмий манбалар орқали харид қилишга чақирган.
Live
All