Россиядаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар Ўзбекистонга қайтарилади
Олам
−
12 Ноябрь
5438Аввалроқ, Россиянинг Пенза вилоятида ичида ўзбекистонликлар ҳам бўлган машина йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, ҳалок бўлганларнинг бир нафари Ўзбекистон фуқароси, қолган икки нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланаётгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу икки марҳумнинг бири ҳам Ўзбекистон фуқароси экани тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, марҳум икки ўзбекистонлик 1980 йилда туғилган Р.И.Э. ҳамда 1996 йилда туғилган Б.Х.Т. исмли шахслар экани аниқланган.
Шунингдек, тор соҳа мутахассислари томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида турли жароҳатлар олган яна 2 нафар Ўзбекистон фуқаролари Кузнецк туманлараро шифохонасидан Пенза шаҳар 6-Марказий клиник шифохонасига кўчирилган.
“Тиббиёт муассасасининг шифокорлари билан учрашув ўтказилиб, доимий алоқа ўрнатилиб, аҳволи бўйича мунтазам равишда маълумот олинмоқда”, дейилган хабарда.
Бош консулхона ҳозирги пайтда жасадларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича зарур расмийлаштириш ишлари якунланаётганини маълум қилган.
Бундан ташқари мазкур масала бўйича Қозон шаҳридаги Бош консулхона вакиллари билан +7 993-420-05-69, +7-843 526-55-63, +7-843 526-55-64, +7-843 526-55-65 телефон рақамлари орқали боғланиш мумкин.
Маълумот учун, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси 10 ноябрь куни соат 4:00 да Пенза вилоятидаги М-5 Урал федерал автомагистралининг 738-километрида содир бўлган. Бунинг оқибатида уч киши воқеа жойида ҳалок бўлиб, икки киши тиббиёт муассасасига жойлаштирилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Тюмень вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 55 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Юк машинасининг 24 ёшли ҳайдовчиси жароҳатланганди.
LiveБарчаси