Россиядаги элчихона ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
09 Февраль
45191Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакатда ноқонуний юрган ўзбекистонликларни ҳуқуқий мақомини зудлик билан ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.
Россия Президенти Владимир Путиннинг фармонига мувофиқ, 2025 йилнинг 5 февралидан бошлаб мамлакат ҳудудида Ички ишлар вазирлиги томонидан юритиладиган Назорат қилинадиган шахслар реестри фаолият кўрсатишни бошлади.
Ушбу реестрга миграция қонунчилиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган чет эл фуқаролари киритилади. Улар Россиядан чиқиб кетиши ёки 2025 йил 1 январдан 30 апрелгача бўлган даврда ўзларининг ҳуқуқий мақомларини ҳал қилиш учун ўзлари истиқомат қилиб турган жойдаги Россия ИИВнинг ҳудудий органига ёки “ПВС” (паспортно-визовый сервис) федерал давлат унитар корхонасининг филиалига мурожаат қилиши керак.
Шу билан бирга, Москва шаҳрида жойлашган чет элликлар учун “Сахарово” кўп функцияли миграция марказига мурожаат қилиш талаб этилади.
Элчихона хабарига кўра, Россия томони амнистия даврида ушбу фармонга биноан чет эл фуқароларига нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш, махсус сақлаш муассасаларга жойлаштириш ва кейинчалик унинг ҳудудига киришни чеклаш билан боғлиқ чоралар қўлланмаслигини таъкидламоқда.
Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган чет эл фуқароларига қуйидагилар тақиқланади:
- кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш;
- никоҳ тузиш;
- юридик ташкилот ёки фирмаларни ташкил этиш ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;
- банк ҳисоб рақамларини очиш ва банк операцияларини бажариш;
- транспорт воситаларини бошқариш.
Шунингдек, Россия ҳудудида ноқонуний юрган вояга етмаган чет эл фуқароларни таълим муассасаларига (мактаблар ва болалар боғчалари) қабул қилиш ҳам мумкин бўлмайди.
Ушбу давлатда бўлган ўзбекистонликлар ўзларининг ҳуқуқий мақомини Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида текшириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин ўтган йилнинг 19 декабрь куни “Владимир Путин билан йил натижалари” дастурида Россияга келаётган мигрантлар ўзлари яшаётган давлатни ҳурмат қилишлари учун уларга қўйиладиган талабларни кучайтириш кераклигини айтганди. Путиннинг таъкидлашича, Марказий Осиё аҳолиси Россияда ишлаш учун ўқитилиши керак. У ерда рус мактаблари очилиши, маданият ва тил ўргатилиши зарур.
LiveБарчаси