Россиядаги АЭСга яқин шаҳарга дрон ҳужум қилди 

Олам

image

Бугун, 14 июль куни Россиядаги Курск атом электр станцияси жойлашган Курчатов шаҳрида дрон қулаб тушди ва портлади. Бу ҳақда Курск вилояти губернатори Роман Старовойт ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

“Курчатов шаҳрида тунда учувчисиз самолёт ҳалокатга учради. Яхшиямки, аҳолидан ҳеч ким жабрланмади. Дроннинг қулаши ва унинг кейинги портлаши оқибатида муҳим объектларга зарар етмаган. Кўп қаватли уй қисман шикастланган: унинг фасад ва ойналарига зарар етган”, деб ёзади вилоят раҳбари.

Бошқа Telegram каналлари ҳам шаҳардаги портлаш овозлари ҳақида ёзган. Хусусан, Mash маълумотларига кўра, дронда реактив двигатель бўлган. У Тайваннинг Kingtech K-210G турбинаси билан жиҳозланган. Каналнинг маҳаллий аҳолига таяниб хабар беришича, дрон уй яқинида ўсаётган арчага тўқнашиб, қулаб тушган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳам Курчатовдаги вазиятга изоҳ берган. 

“Уларни (дронларни) Киев режимига етказиб бераётган давлатлар, агар ядровий фалокат юз берса, Марсга жойлашишни режалаштиряптими? Улар муваффақиятга эриша олмайди. НАТО мамлакатлари халқлари уларнинг ҳукуматлари Киев режими томонидан амалга оширилаётган ядровий терроризмга ҳомийлик қилаётганини тушуниши керак”, деб ёзган Захарова Telegram’даги каналида. 

Курск вилоятида учувчисиз самолётнинг қулашига Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам муносабат билдирган. 

“Шубҳасиз, душман зарба бериш уринишларидан воз кечмаяпти, бироқ бизнинг барча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ишламоқда, самарали ишламоқда ва ўз самарадорлигини қайта-қайта намойиш этмоқда. Тегишли чоралар кўрилмоқда”, деган Песков.

Маълумот учун, Курск АЭС тўртта энергия блокидан иборат бўлиб, охиргиси 1985 йил декабрь ойида ишга туширилган. Ҳозирда умумий қуввати 3000 МВт бўлган учта энергоблок мавжуд. Росэнергоатом маълумотларига кўра, Курск АЭС Чернозём вилоятидаги барча электр станцияларининг ўрнатилган қувватининг 50% дан ортиғини ташкил қилади, у Курск вилоятининг кўпгина саноат корхоналарини энергия билан таъминлайди. Курск вилоятининг ўзи эса Украинанинг Суми вилояти билан чегарадош. Украинада уруш бошлангандан бери минтақа бир неча бор ўққа тутилган ва учувчисиз самолётлар ҳужумига учраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Курск Захарова Курчатов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг