Россияда ўзбекистонлик йигит баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлди
Олам
−
21 Февраль
6597Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Москва туманида қурилиш ишлари олиб борилаётган пайтда ўзбекистонлик мигрант ҳалок бўлди. Бу ҳақда “78.ru” хабар берди.
Қайд этилишича, Пулково шоссесида жойлашган тураржой мажмуаси қурилиш майдончасида 24 ёшли Ўзбекистон фуқароси қолипларни демонтаж қилиш жараёнида 3,5 метрдан ортиқ баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодисага ишчининг хавфсизлик қоидаларини бузгани сабаб бўлган.
Билдирилишича, ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси ва Меҳнат инспекцияси текширув бошлаб, қурилиш ишларида хавфсизлик чоралари ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилинганини ўрганмоқда. Ҳозирда терговчилар қурилиш майдончасида ишчининг ўлимига олиб келган ҳолатни аниқламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25 январь куни тахминан соат 23:30 да Россиянинг Ленинград вилоятининг Кингисепп туманидаги Усть-Луга қишлоғи яқинида жойлашган Краколье кварталида металл конструкцияларни йиғувчи бўлиб ишлаган 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси тахминан 30 метр баландликдан қулаб тушиб вафот этган эди.
LiveБарчаси