Россияда туғилиш даражаси кескин камайди
Олам
−
03 Февраль
9728Россия ўзининг яқин тарихидаги енг катта демографик инқирозга юз тутмоқда, туғилишнинг кескин камайиши кўплаб россияликларнинг ноаниқ иқтисодий ва сиёсий вазиятда оила қуришдан қўрқишини акс эттиради. Бу ҳақда бир қатор таҳлилчиларга таяниб, "Америка овози" маълум қилди.
Ўн йил олдин Россияда ҳар йили икки миллион бола туғилган. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда бор-йўғи бир миллион икки юз минг бола туғилган, бу 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан бери энг паст кўрсаткичдир.
"Умуман олганда, Россияда иқтисодий аҳвол ёмонлашди, одамлар ёмон яшай бошлади, болаларни тарбиялаш учун эса келажакка бўлган ишонч керак", дейди социолог Антон Орехъ.
Қайд этилишича, россияликларнинг келажакка нисбатан пессимистлашиб бориши, Москванинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши билан боғланмоқда.
“Кремль Россиядаги демографик инқироз ҳақидаги хабарларни тарқатишни истамайди. Аммо мустақил мухбирлар ва таҳлилчилар Украинанинг ишғол қилинишини муҳим омил сифатида кўрсатмоқда”, дейилади нашр хабарида.
Фармацевтика бозори таҳлилчилари эса уруш бошланганидан кейин 2022 йилдан бошлаб Россияда аборт таблеткаларига талаб 60 фоизга ошишини айтмоқда.
Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциуми аъзоси ва ташқи сиёсат шарҳловчиси Галина Сидоровага кўра, энг катта сабаб – бу уруш.
“Бу аслида энг муҳим сабаб ва катта эҳтимол билан жаноб Путиннинг Россияга, бу давлатга ва унинг халқига қарши қилган катта жиноятидир", деган у.
Таъкидланишича, туғилиш даражасининг пасайиши расмийларни оилаларга ёрдам бериш режаларини ишлаб чиқишга ундади. Шу билан бирга, Россиянинг бир қанча минтақаларида хусусий клиникаларда аборт қилиш ҳам тақиқланган.
Кремль ҳам ўз навбатида катта оилаларни рағбатлантириш стратегиясини бошлаб юборган. Мисол учун, Владимир Путин Бутунжаҳон рус халқи кенгашининг ялпи мажлисида видеоконференция орқали қилган маърузасида шундай деган эди:
"Бир пайтлар рус оилалари қандай бўлганини эсланг. Бобо-бувиларимиз етти-саккиз, ҳатто ундан ҳам кўпроқ фарзанд кўришган. Келинглар, қайтиб яна ўша буюк анъаналарни тарғиб қилайлик".
Баъзи кузатувчиларга кўра, Россия урушда экан, бу консерватив шиорлар туғилиш даражасини оширишга ҳеч қандай ёрдам бермайди.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йил Россияда XIX аср бошидан бери туғилиш бўйича энг ёмон йил бўляпти.
Айни пайтда, Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Украина фронтида 40 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу рақам Россиянинг аҳоли сонини кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун яхши натижа бермайди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда ҳам Владимир Путин Россияда туғилиш кўрсаткичи тушиб кетганини танқид қилган эди.
LiveБарчаси
04 Ноябрь