Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 14 бола Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
27 Январь 1366 1 дақиқа
Бугун, 27 январь куни Россия Федерацияси ҳудудида ота-онасининг қарамоғисиз қолган вояга етмаганларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича амалга оширилган хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари ҳамкорлигида 14 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистон Республикасига олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, болалар Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт орқали Ўзбекистонга етиб келган. Улар белгиланган тартибда вақтинча Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Зарур ҳужжатлаштириш ва тегишли тартиб-таомиллар якунлангач, 13 нафар бола белгиланган тартибда уларни кутиб олиш учун келган ота-оналарига топширилган. Яна 1 нафар бола эса марказ ходимлари ҳамроҳлигида Андижон шаҳрига юборилиб, белгиланган тартибда онасига топширилади.
Вояга етмаганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳамроҳлик ишлари уларнинг кейинги яшаш манзили бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлар ортга қайтарилганди.
Live
Барчаси