Польшада қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлар ортга қайтарилди
Жамият
−
31 Декабрь 2025 2165 1 дақиқа
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлар Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, элчихонага икки нафар ўзбекистонлик – бири саломатлигидаги муаммо сабабли оғир аҳволга тушгани, иккинчиси молиявий қийинчилик ва ҳужжатларини йўқотгани боис мурожаат қилган. Шундан сўнг, элчихона вакиллари уларни Ўзбекистонга қайтариш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширган.
Бетоб бўлиб қолган ўзбекистонлик инсульт ташхиси билан тиббий муассасада бўлган. Шу боис, унга Польша тиббиёт муассасаси тавсиясига мувофиқ, парвозга рухсат берилгунга қадар зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Яна бир Ўзбекистон фуқаросига эса ортга қайтиш ҳужжатлари тўғриланган.
Уларни ортга қайтаришда Варшава–Рига йўналишида махсус транспортда, Рига–Тошкент бўйича эса авиарейс орқали амалга оширилган. Ҳар икки фуқаро учун Латвияга кириш рухсатномалари расмийлаштирилиб, транзит ҳаракати таъминланган. Ригагача транспорт хизматлари ташкил этилган ва авиачипталар харид қилинган. Авиачипта харажатлари Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ҳисобидан қопланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Польшада қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик ортга қайтарилганди.
Live
Барчаси