Польшада мотам эълон қилинди

Олам

−

image

Польшанинг Краков шаҳрида кеча, 7 ноябрь куни содир этилган қуролли ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди. Воқеадан сўнг шаҳарда 8–11 ноябрь кунлари мотам эълон қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 7 ноябрь куни Краков марказидаги бош майдонда 24 ёшли Польша фуқароси автомобилидан туриб одамларга қарата тартибсиз ўқ узган. Ҳужумчи AR-15 русумли милтиқдан фойдаланган. Полиция хабар келиб тушганидан уч дақиқа ўтиб воқеа жойига етиб бориб, унга қарата ўқ узган ва қўлга олган. Ҳозирда гумонланувчи полиция ҳибсида, унинг аҳволи барқарор, бироқ ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Ҳужум оқибатида тўрт нафар аёл ва икки нафар эркак ҳалок бўлган. 17 киши, жумладан, икки полиция ходими ва ҳужумчининг ўзи жароҳатланган. Ҳалок бўлганлардан бири Буюк Британия фуқароси экани аниқланган. Яраланган хорижликлар орасида Австрия, Германия, Португалия, Россия ва Буюк Британия фуқаролари бор.

Польша Ички ишлар вазири Марчин Кервиньский ҳужумчи ўта ўнг мафкура таъсирида бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Ушбу эҳтимол ҳам тергов доирасида ўрганилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакат Бош вазири Дональд Туск ҳужумчининг Островец-Свентокшиски шаҳридаги уйидан яна уч кишининг жасади топилганини маълум қилди. Уларнинг икки нафари аёл, бири эркак бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар ҳужумчининг яқин қариндошлари бўлиши мумкин. Уйда кўплаб қурол-яроғ ва ўқ-дорилар бўлиши эҳтимоли сабабли ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Краков мэри Лукаш Гибала 8 ноябрдан 11 ноябрга қадар шаҳар ҳудудида мотам эълон қилди. Шу муносабат билан шаҳар маъмурияти бинолари, жамоат транспорти воситаларидаги байроқлар мотам белгиси сифатида қора тасма билан боғланди ёки ярим туширилди. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги, муниципал ташкилотлар ва компаниялар томонидан ташкил этилиши режалаштирилган барча тадбирлар бекор қилинди.

Польша Президенти Кароль Навроцкий эса 8–9 ноябрь кунлари мамлакат бўйлаб миллий мотам эълон қилинишини билдирди.

Польша ҳукумати ҳужумчи қўлга олиниши орқали бундан-да йирик қирғиннинг олди олинганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польшанинг Краков шаҳридаги Бош бозор майдонида отишма содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг