Россияда оғир жароҳат олган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
08 Март 9181 2 дақиқа
Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятидан бўлган фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўғли С.Г. бахтсиз ҳодиса оқибатида жиддий жароҳат олиб, Владивосток шаҳрининг 2-сонли клиник шифохонасида ётгани ва дори-дармон учун етарли маблағ қолмаганини билдирган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш учун амалий ёрдам сўраган.
Унинг ўғли С.Г. 2023 йилда Россиянинг Хабаровск ўлкасига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган. Аммо 2024 йилнинг октябрь ойида Биробиджан шаҳрида эҳтиётсизлиги оқибатида дарахтдан йиқилиб, бўйин умуртқа қисмини синдириб олган. Биробиджан шаҳар марказий шифохонасида унга операция муолажаси ўтказилиб, стационар даволашга олинган.
Бироқ беморнинг отаси Биробиджан шаҳар марказий шифохонасида даволанаётган ўғлининг соғлиғидан кўнгли тўлмай, уни Владивосток шаҳридаги 2-сонли клиник шифохонасига ўтказган. Бу ерда ҳам шифокорлар беморда қайта операция ўтказиш кераклигини билдирган. Бироқ, улар операция учун етарли маблағ йўқлиги учун даволанишни Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилади.
Жорий йилнинг 5 март куни бемор Ўзбекистонга қайтиб кетиши учун Владивосток-Тошкент йўналишидаги самолётига чипта сотиб олиб берилган ва оиласининг ёнига кузатиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Приморск ўлкасида қийин молиявий аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди мамлакатга қайтарилганди.
Live
Барчаси