Россияда мигрантларнинг йил давомида бўлиш муддатини 90 кунгача қисқартириш таклиф қилинди
Олам
−
02 Апрель
12335Россия Ички ишлар вазирлиги миграция қонунчилигининг бир қатор қоидаларини кучайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий вакили Ирина Волк маълум қилди.
Номидан кўриниб турибдики, ҳукуматга тақдим этилган қонун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияга кириши ва чиқишини тартибга солади. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинмаган, аммо Волк ундан асосий қисмларни тақдим этди.
Қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф қилинган:
- Россияга киришда барча чет элликларнинг мажбурий бармоқ изларини олиш ва суратга олиш;
- Россияда ноқонуний бўлган чет элликлар ва Россиядан чиқиб кетишлари чекланганлар учун "назорат остида бўлиш" режимини ўрнатиш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан олинган маълумотларни ўз ичига олган чет эл фуқаросининг “рақамли профилини” яратиш;
- хорижликларнинг Россияда бўлиш муддатини илгари бўлгани каби олти ой эмас, балки календарь йили давомида 90 кунгача чеклаш;
- Россия Федерацияси ҳудудидаги чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ягона ҳужжат бериш, бу ҳозирда берилган барча миграция ҳужжатларини алмаштиради;
- чет эллик ишчиларни Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи махсус реестрга, иш берувчиларни эса чет элликларни ёллашга рухсат берувчи бошқа реестрга киритиш;
- чет элликлар билан "содиқлик шартномаси"ни тузиш, уларни Россияда бўлишларини чеклаш имконияти ёки қонунларни бузган тақдирда мамлакатни тарк этиш ҳуқуқи тўғрисида огоҳлантириш;
- чет элликларни чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқини нафақат судларга балки суддан ташқари федерал ижроия органларига ҳам бериш;
- чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши устидан маъмурий назоратни полициянинг функцияларидан бирига айлантириш.
Ирина Волкнинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган қонун лойиҳаси чет элликларнинг "айрим ҳуқуқларини чеклаш" ва "уларга қўшимча масъулият юклаш" билан боғлиқ чораларни қўллаш имконини беради.
“Бундан ташқари, барча давлат органлари, ташкилотлари ва фуқаролар реал вақт режимида чет эл фуқаросининг Россияда бўлишининг “қонунийлиги тўғрисида электрон тасдиқнома” олишлари мумкин бўлади”, дея қўшимча қилган Волк.
Таъкидлаш жоиз, 22 март куни “Крокус Сити Ҳолл”да содир этилган терактдан кейин Россия ҳукумати мигрантларга нисбатан назоратни кучайтира бошлади.
Эслатиб ўтамиз, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия – за правду”) партияси раиси, Давлат Думасидаги партия фракцияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиё мамлакатлари билан визасиз режимни бекор қилишни таклиф қилганди. Россия Давлат Думасининг депутати Михаил Шеремет эса уруш давомида Россияга мигрантларнинг киришини чеклаш таклифини илгари сурганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь