Россияда мигрантларнинг болаларини ногиронларга тенглаштириш таклиф қилинди
Олам
−
22 Октябрь
14805Россиянинг Свердловск вилоятидаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Игорь Мороков мактабларда таҳсил олаётган мигрант оилаларнинг фарзандларига ногирон сифатида қараш кераклигини айтди. Бу ҳақда у ОТB телеканалининг “Акцент” дастурига берган интервьюсида сўз очди.
Мороков Россия мактабларида таҳсил олаётган, аммо рус тилини билмайдиган ўқувчиларнинг мавжудлиги билан боғлиқ муаммога шу тариқа “ечим” борлигини таъкидлаган. Омбудсман бу ўқувчилар сони кам бўлган синфларни ташкил этиш ва ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини беришини айтган.
“Бизда бугунги кунда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар тоифаси мавжуд. Булар имконияти чекланган болалар, ногирон болалар ҳисобланади. Мигрантларнинг болаларини ҳам шу тоифага киритиш лозим, менимча”, деган у.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бу мигрантларнинг фарзандларини алоҳида, кичикроқ синфларда тилни чуқурроқ ўрганиш билан ўқитиш имконини беришини таъкидлаган. Мороков Екатеринбургда “бу тоифадаги ўқувчилар сони анча кўп бўлган” иккита мактаб борлигини айтиб, 149-сонли мактабни мисол қилиб келтирди. У ўқувчиларнинг 90 фоизи “мигрант болалар” эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларга оила қуриш ва ажрашиш тақиқланиши хабар қилинганди. Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой “Коммерсанть” нашрига берган интервьюсида мамлакатда ноқонуний бўлиб турган хорижликларнинг реестри тузилаётганини маълум қилган. Горовойнинг сўзларига кўра, бу реестрга киритилганидан кейин мигрантлар транспорт воситаларини бошқариш, банк хизматларидан фойдаланиш, мулкни рўйхатга олиш, никоҳ тузиш ва бекор қилиш, болаларни боғча ва мактабларга рўйхатдан ўтказиш имконидан фойдалана олмайди.
LiveБарчаси