Россияда мигрантларнинг айрим соҳалардаги фаолиятига чеклов қўйилиши мумкин
Олам
−
09 Октябрь 2023
12531Россияда мигрантларнинг айрим соҳалардаги фаолиятига чеклов қўйилиши мумкин. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.
Қайд этилишича, депутатлар хорижликларнинг мамлакатдаги тиббиёт муассасалари, дорихоналар, мактабларда ишлаши ҳамда такси ва юк ташувларини амалга оширишини тақиқловчи қонун лойиҳасини Давлат Думасига киритган.
Лойиҳа муаллифларининг фикрича, сўнгги пайтларда россияликларнинг малакасиз хорижий ишчилар сонининг кўпайишига салбий муносабати кучайган. Бу мамлакатга қўшимча меҳнат ресурсларининг фаол жалб этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
“Қонун лойиҳасининг амалга оширилиши иқтисодиётнинг мазкур тармоқларида мигрантлар сонининг кўпайишини тўхтатиш, Россия фуқароларини қўшимча иш билан таъминлаш имконини беради”, дейилади хабарда.
Депутатларнинг таъкидлашича, меҳнат муҳожирларининг асосий оқимини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келганлар ташкил этади. Лойиҳа муаллифлари иқтисодий фаолиятнинг барча турларида хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини 5 фоизгача чеклашни таклиф қилмоқда.
Шунингдек, улар муҳожирларнинг йўловчи ва юк ташувларидаги фаолияти давомида йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, ўлимлар сони кўпайганлигини алоҳида қайд этган.
Шу боис, ҳужжатда муҳожирларни “чет эллик ишчиларнинг малакасиз меҳнати фойдадан кўра кўпроқ зарар етказиши мумкин бўлган энг сезгир ижтимоий соҳаларга” жалб қилишни тўлиқ тақиқлаш тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Бунда депутатлар тиббиёт муассасалари ва мактаблардаги иш фаолиятини ҳам назарда тутган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев Россияга ишлаш учун бораётган шахсларга оиласи, хотини, болалари ёки ота-онасини олиб боришни таъқиқлаш кераклигини айтган эди. Унга кўра, мамлакатга пул топиш учун келган оилалардан фақат биттаси ишламоқда, қолганлари эса ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳисобланади.
LiveБарчаси