Россияда мигрантларни депортация қилиш жараёни видеога ёзиб олинади
Олам
−
23 Сентябрь
9089Суд ижрочилари мигрантларни депортация қилишнинг бутун жараёнини видеога олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда “Парламенцкая газета” хабар берди.
“Суд ижрочилари федерал хизмати ўзининг барча ишларини суратга олади – судгача кузатиб боришдан тортиб, чет элликларни Россиядан чиқариб юборишгача", дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, суд ижрочилари суратга олиш ҳақида олдиндан огоҳлантиради. Жараённи ёзиб олиш учун IP-камералар, видеорегистраторлар, фотоаппаратлар ва бошқа қурилмалар қўлланилади. Ёзиб олинган аудио, фото ва видео материаллар архивда сақланади. Сақлаш воситасининг ишлаш муддати тугагач, у бошқасига кўчирилади. Зарур ҳолларда (низоли вазиятлар, фуқароларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш, хизмат текшируви ўтказиш) тегишли материалларнинг умрбодга сақланиши таъминланади.
Суд ижрочилари федерал хизматига кўра, видеорўйхатга қайд қилиш мигрантларнинг жиноят содир этишини олдини олишга ёрдам беради.
Маълумот учун, Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги 1 декабрдан бошлаб мамлакатга кириш учун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан биометрик маълумотларни тақдим этиш бўйича синов лойиҳаси ишга туширишни таклиф қилган. Мамлакат Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов эса Россия фуқароси бўлмаган шахсларнинг болалари учун боғча ва мактабларда бепул таълим олишни бекор қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. Шунингдек, Россиянинг Москва вилоятида 2025 йилнинг январидан бошлаб хорижликларнинг спорт, маданият, ҳордиқ чиқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида патент бўйича ишлаши тақиқланиши, шу билан бирга мамлакатда ноқонуний бўлиб турган мигрантлар учун транспорт воситаларини бошқариш, банк хизматларидан фойдаланиш, мулкни рўйхатга олиш, никоҳ тузиш ва бекор қилиш, болаларни боғча ва мактабларга рўйхатдан ўтказиш тақиқланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати Давлат Думасига миграция соҳасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганлик, шу жумладан миграция органларида сохта рўйхатга олиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси