Россияда мигрантлар учун патент тизими бекор қилиниши мумкин (видео)
Олам
−
19 Сентябрь 12721 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин меҳнат муҳожирлари учун амал қилаётган патент тизимини бекор қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 18 сентябрь куни Давлат думаси фракциялари раҳбарлари билан учрашув чоғида гапирди.
Путин патент тизими кенг қўлланаётганини айтиб, уни бекор қилиш эҳтимолини рад этмаган. Унинг сўзларига кўра, миграция мавзуси россияликлар учун жуда долзарб ва ҳукумат бу масалани эътиборсиз қолдирмаслиги керак.
Россияда визасиз келадиган муҳожирлар учун патент тизими амал қилади. Патент – рухсатнома бўлиб, уни муҳожир мамлакатга кирганидан кейин 30 кун ичида олишга мажбур. Уни олиш учун хорижликлар яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтиши, тиббий кўрикдан ўтиши, рус тили, тарих ва қонунчиликдан имтиҳон топшириши, ҳужжатлар пакетини ИИВга топшириши ва давлат божи тўлаши шарт.
Патент амал қилиши учун муҳожирлар ҳар ой белгиланган миқдорда НДФЛ (даромад солиғи) бўйича аванс тўлови тўлашлари керак. Тўлов ҳажми минтақага қараб ўзгаради. Масалан, 2025 йил 1 январдан бошлаб Москвада бу тўлов 8900 рублни (1 млн 320 минг сўм) ташкил этади. Патент бир ойдан бир йилгача муддатга берилади ва фақат кўрсатилган ҳудуд ва фаолият турида амал қилади.
Россияда сўнгги ойлар ичида ҳам муҳожирлар учун қатор янгиликлар жорий этилган. Июль ойида рус тили имтиҳонларида топшириқлар мураккаблашди: эшитиб тушуниш ва оғзаки нутқ бўйича саволлар сони кўпайтирилди.
Шунингдек, май ойида ҳукумат Давлат думаси кўриб чиқиши учун қонун лойиҳасини киритди. Унда квота асосида меҳнат рухсатномаси олган муҳожирларни рус тили, тарих ва қонунчиликдан имтиҳон топширишдан озод этиш таклиф қилинган эди. Июль ойида бу қонун Сенат (Федерация Кенгаши) томонидан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси раиси Сергей Миронов 2030 йилгача Россияга Марказий Осиёдан борган мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақирганди. Унинг фикрича, мигрантлар оқимининг ортиши Россия миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Live
Барчаси