Россияда маошини ололмаган ўзбекистонликлар жанжал уюштирди
Олам
−
14 Июль 2020
16890Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Амур вилоятида Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат муҳоржирлари уч ойдан бери маошини ололмаётгани сабабли жанжал кўтаргани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.
Билдирилишича, элчихона кеча, 13 июль куни Россия Федерацияси Амур вилояти Свободний туманидаги “Renaissance Heavy Industries” компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган ҳодисани назоратга олган.
Мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.
Бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона Бош консули етиб борди.
Элчихона россиялик ҳамкорлар билан биргаликда можарони келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш, муаммонинг барча томонлар учун мақбул бўлган ечимни топиш бўйича иш жараёни ва натижалари ҳақида қўшимча ахборот беришини маълум қилган.