Россияда чақирув ёшидагиларни ҳарбий заводларга юбориш таклиф қилинди

Олам

image

Россияда чақирув ёшидаги фуқаролар ҳарбий корхоналарга ишлаш учун юборилиши мумкин. Бу Давлат думасига киритилган тегишли қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Унга кўра, мудофаа комплекси корхонасига ишга жойлашган фуқаро анъанавий муддатли хизматни муқобил фуқаролик хизматига алмаштириши мумкин. Украина билан уруш шароитида бу чора давлат мудофаа буюртмасини ўз вақтида бажаришда зарур бўлган кадрлар танқислиги муаммосини ҳал қилади. Шунингдек, ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларни етказиб беришни тезлаштириш имконини беради.

Қонун лойиҳасида муқобил хизматни ўташ жойлари рўйхатини кенгайтириш, унга давлат мудофаа буюртмасининг бош ижрочилари бўлган корхоналарни киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, агар фуқаро давлат мудофаа буюртмаси бўйича маҳсулот етказиб берувчи етакчи ижрочи ташкилотида ишлаётган бўлса, у ҳарбий хизматни муқобил фуқаро хизмати билан алмаштириш ҳуқуқига эга бўлади.

2024 йил сентябрь ойида Президент Владимир Путин Россия Қуролли кучлари штатларини 2 389 130 кишигача ошириш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Ҳужжат 1 декабрдан кучга кирган. Натижада ҳарбий хизматчиларнинг штат бирлиги 180 минг кишига оширилган.

Бунгача армия сони сўнгги марта 2023 йил декабрь ойида қайта кўриб чиқилган, ўшанда ҳарбийлар сони 170 минг кишига кўпайтирилиб, 2 миллион 209 минг 130 нафарга етказилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасида Россияда ташқи реклама ва витриналардан ccoffee, fresh, sale, shop, open каби чет тиллардаги сўзларини ишлатиш тақиқланиши мумкинлиги маълум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ҳарбий завод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг