Россияда чет тиллардаги сўзларни оммавий ишлатиш тақиқланиши мумкин
Олам
−
12 Февраль 2025 3339 2 дақиқа
Россияда ташқи реклама ва витриналардан coffee, fresh, sale, shop, open каби чет тиллардаги сўзларини ишлатиш тақиқланиши мумкин. Бироқ савдо белгилари учун хорижий сўзларни ишлатишга рухсат берилади. Буни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кеча, 11 февраль куни Россия Давлат думаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат 2023 йилда депутатлар гуруҳи томонидан, шу жумладан, ўша вақтда думадаги маданият қўмитасини бошқарган, ҳозир эса Президент маслаҳатчиси бўлган Елена Ямпольская томонидан киритилган.
Қонун лойиҳасига кўра, тижорат номлари ва истеъмолчиларга оммавий равишда тақдим этиладиган маълумотлар фақат рус тилида бўлиши шарт. Шунингдек, рекламада ишлатиладиган чет тиллардаги ёки Россия халқларининг маҳаллий тилларидаги матнлар рус тилига таржима қилиниши мажбурий бўлади.
Ҳужжат тушунтириш хатларида “шундай қилиб, витриналар ва дўконларнинг ташқи қисмида coffee, fresh, sale, shop, open каби сўзларни ишлатиш имконсиз бўлиши керак” деб таъкидланган. Шунингдек, қонун лойиҳаси тураржой мажмуалари, қишлоқлар, маҳаллалар ва туманларга чет тилидаги ёки хорижий сўзлардан олинган номларни бериш амалиётини тўхтатишга қаратилган.
Бироқ ушбу чекловлар савдо белгилари, фирма номлари ва хизмат кўрсатиш белгилари учун татбиқ этилмайди. Депутатлар бу орқали “рус тилини ҳимоя қилиш” ҳамда оммавий жойларда англицизм (инглиз тилидаги сўзларнинг бошқа тилга кўчиши) ва чет тилидаги сўзларнинг ишлатилишини кескин чеклашни мақсад қилганини таъкидламоқда.
Россияда чет тилидаги сўзларни ортиқча ишлатилишидан ҳимоя қилишга қаратилган чекловлар аллақачон мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларнинг ўз ватанига пул ўтказгани учун 3 фоизлик солиқ жорий этиш таклиф қилинганди.
Live
Барчаси