Россияда бензин экспортига рухсат берилиши кутилмоқда
Олам
−
07 Май
3408Россия Энергетика вазирлиги ҳукуматга март ойидан бери амалда бўлган бензин экспортига қўйилган тақиқни вақтинча тўхтатиш таклифи билан мурожаат қилди. ТАССнинг Бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Александр Новакка таяниб хабар беришича, Вазирлар Маҳкамаси яқин орада ушбу ташаббусни кўриб чиқади.
“Ҳозирда биз бу масалани кўриб чиқмоқдамиз. Энергетика вазирлиги бензинни экспорт қилишга рухсат бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда, аммо кейинчалик тақчиллик юзага келмаслиги учун маълум муддатга, холос”, дейди Новак.
Унинг сўзларига кўра, Россия бензин бозори таклифларга тўлиб кетган.
“Бугун, ҳақиқатан ҳам, 1 мартдан бошлаб экспортни тўхтатиш бўйича кўрилган чора-тадбирларимиз тўлиқ самара берди. Бозор тўйинган ва ҳатто ортиғи билан тўйинган. Шу боис яқин вақт ичида Энергетика вазирлигининг таклифини ҳукуматда кўриб чиқамиз”, дейди у.
Унинг қайд этишича, вазирлик бозорда тақчилликнинг юзага келиши, шу билан бирга кўп миқдорда ёқилғи тўпланиб қолишининг олдини олиш бўйича ҳам чоралар кўради.
Аввалроқ, Энергетика вазирлиги Россия нефтни қайта ишлаш заводларининг режадан ташқари таъмирлаш учун тўхтатилиши туфайли аввал пасайган ёқилғи ишлаб чиқариш ҳажмини тўлиқ қоплагани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, экспорт ҳажмининг камайиши ҳисобига ички бозор таъминланди, бу нафақат таъмирлаш ишларининг ўрнини қоплаш, балки ёқилғи захирасини юқори даражада ушлаб туриш имконини берган.
Қайд этилишича, Россия Федерациясида бензин ишлаб чиқариш, шу жумладан, нефть инфратузилмасига Украина учувчисиз самолётларининг бир қатор ҳужумларидан сўнг, пасайишни бошлади. Бироқ, Росстат маълумотларига кўра, 22 апрелдан 28 апрелгача бўлган ҳафтада Россия Федерациясида бензин ишлаб чиқариш 4,5 фоизга – 816,7 минг тоннагача, дизель ёқилғиси – 3,7 фоизга, 1,66 миллион тоннагача ўсди. Бир йил аввал бензин ишлаб чиқариш ҳажми ҳозиргига нисбатан паст эди – 24 апрелдан 30 апрелгача нефтни қайта ишлаш заводларида 811,7 минг тонна бензин ва 1,62 миллион тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган.
Экспортни тақиқлаш ҳақида
2024 йил 1 мартдан бошлаб ҳукумат баҳор ва ёз ойларида талабнинг ошишини қоплаш учун бензин экспортини олти ойга вақтинчалик тақиқлашни жорий қилди.
Экспортни тақиқлаш тўғрисидаги қарор ёзги таътил ва дала ишлари, шунингдек, нефтни қайта ишлаш заводини режалаштирилган таъмирлаш вақтида талабнинг ортиши компенсацияси учун зарур экани айтилди. Чеклов ЕОИИ мамлакатлари, шунингдек, Жанубий Осетия, Абхазия, Мўғулистон ва Ўзбекистонга тааллуқли эмас.
Ўтган йили автомобиль ёқилғиси ички бозоридаги нарх коньюнктурасини барқарорлаштириш мақсадида бензин экспортига тақиқ жорий йилнинг 21 сентябридан 17 ноябрига қадар амал қилган эди.
LiveБарчаси