Россияда автомобиль ишлаб чиқариш қарийб 30 фоизга қисқарди 

Олам

image

Россияда 2023 йилнинг биринчи ярми давомида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми қарийб учдан бирга қисқарди. Бу ҳақда “Известия” хабар берди

Қайд этилишича, йилнинг дастлабки олти ойида Россиядаги заводлар 197 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга кам дегани. Шу билан бирга, июнь ойида мамлакатда 42 минг дона автомобиль йиғилган бўлиб, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 3,1 бараварга кўпайган.

Шунингдек, Россияда юк автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми, енгил машиналардан фарқли ўлароқ, 5,8 фоизга ўсган. Йил бошидан бери 75 минг дона юк машинаси ишлаб чиқарилган ва ундан 14,3 мингтаси июнь ойига тўғри келган (2022 йилнинг июнига нисбатан 37,8 фоизга кўп). 2023 йилнинг биринчи ярмида трактор ишлаб чиқариш ҳажми 9 фоизга камайган. Бундан ташқари, оғирлиги 5 тоннагача бўлган 2,4 мингта ва 5 тоннадан юқори бўлган 1,3 мингта автобус ишлаб чиқарилган. 

Гарчи Россияда жорий йилнинг май ва июнь ойларида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошган бўлса-да, бу мутахассислар томонидан жуда юқори натижа сифатида баҳоланмаяпти. Боиси ўтган йилнинг иккинчи чораги Россия автомобиль саноати учун жуда оғир кечган бўлиб, ушбу даврда мамлакатда ишлаб чиқариш деярли тўхтаган. 

“Кўпгина корхоналар автомобиль ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларнинг етишмаслигидан зарар кўргани сабаб ўз ишини бир муддатга тўхтатиб қўйди. Шунинг учун натижаларни солиштириш мутлақо хато. Ўтган йилнинг иккинчи чорагида автомобиллар деярли ишлаб чиқарилмаган”, дейди автомобиль бозори эксперти Владимир Беспалов. 

Маълумот учун, Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида бир қанча хорижий компаниялар мамлакат автомобиль бозорини тарк этди. Шунингдек, санкциялар туфайли Россиянинг импорт автомобилларга бўлган талаби кескин ортди. Жорий йилнинг олти ойи давомида Россияга 227,2 минг дона енгил машина импорт қилинган бўлиб, унинг асосий қисми – 75,7 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Қозоғистон (9,6 фоиз) ва Қирғизистон (5,8 фоиз) ҳам Россияга сотилган автомобилларнинг катта қисмини етказиб берган. Бундан ташқари, ишлатилган автомобиллар импортининг асосий улуши Япония (55,6 фоиз), Арманистон (12,9 фоиз) ва Беларусь (11,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия автомобиль ишлаб чиқариш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг