Россия яна 3 та давлат билан авиақатновларни тиклайди

Олам

image

Россия Сербия, Куба ва Япония билан авиақатновларни тиклайди. Бу ҳақда РФда коронавирусга қарши кураш тезкор штаби маълум қилди. Бош вазир Михаил Мишустин тегишли қарорни имзолаган.

Ҳафта давомида амалга ошириладиган рейслар сони чекланади. Сербияга икки марта Москва-Белград йўналишида рейс қўйилади. Кубага ҳам шунча рейс бўлади: Москва-Кайо-Коко ва Москва-Санта Клара йўналишида.

Япония билан авиақатновлар 1 ноябрдан тикланади. Ҳафтасига учта рейс амалга оширилади. Иккитаси Москва-Токио йўналишида, биттаси Владивосток-Токио йўналишида.

Россия бу давлатлар билан авиаалоқани тиклашига қатор кўрсаткичлар сабаб бўлган. Масалан, шу давлатларда сўнгги 2 ҳафтада коронавирусга чалинганларнинг кунлик ўсиши ҳар 100 минг кишига 40 тадан ошмаган.

Бундан ташқари, Ҳукумат аввал очилган йўналишларда парвозлар сонини оширишга қарор қилган. Москвадан Цюрих ва Женевага ҳафталик парвозлар сони биттага кўпаяди.

Маълумот учун, Россия коронавирус пандемияси сабабли тўхтаб қолган халқаро авиақатновларни август ойидан қайта тиклашни бошлади. 1 августдан бошлаб Россиядан Буюк Британия, Танзания ва Туркияга парвозларни амалга оширишга рухсат берилган. Сентябрь ойининг бошида Россия Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мальдив ороллари билан икки томонлама авиақатновлар тикланишини маълум қилганди. Ҳозирги пайтда Россиядан Буюк Британия, Швейцария, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Мальдив ороллари ва Танзанияга парвоз қилиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия авиақатнов

Баҳолаганлар

226

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг