Россия ядро қуролини ишлатмоқчими? Сўз Столтенбергга
Олам
−
23 Сентябрь 2022
23399НАТО ҳозирда Россия ядровий кучларининг тайёргарлиги даражасида ҳеч қандай ўзгариш сезмаяпти. Бу ҳақда бугун, 23 сентябрь куни Шимолий Атлантика альянси Бош котиби Йенс Столтенберг CNN телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Россия ядровий кучларининг конфигурацияси ёки тайёргарлигида ҳеч қандай ўзгариш кўрмаяпмиз”, дейди Столтенберг, “ядровий риторика масъулиятсиз ва хавфли” эканини таъкидлаб.
НАТО Бош котибининг урғулашича, Украинада ядро қуролидан ҳар қандай фойдаланиш бу можаронинг моҳиятини бутунлай ўзгартиради.
“Россия ядро урушида ғалаба қозониб бўлмаслигини ва уни очиб бўлмаслигини билади. Биз бу ҳақда уларга хабар бердик ва бу аниқ хабарни Москвага юборишда давом этамиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги телевизион чиқишида НАТО Россияни ядровий шантаж билан қўрқитаётганини, шундай экан, Москва ўз халқини ядровий қуролларни ишга солиб бўлса ҳам ҳимоя қилишини айтди.
Шу куни АҚШ Президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида Москва ядро қуролини тарқатмаслик режимини бузган ҳолда, “ўйламасдан” ядро қуролини қўллаш билан таҳдид қилаётганини қайд этди. АҚШ Президенти, шунингдек, НАТО давлатлари ҳудудига эҳтимолий ҳужумнинг олдини олиш учун иттифоқчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳақида гапирди ва Қўшма Штатлар “ҳеч қачон Россияга таҳдид қилмаганини” қўшимча қилди. Байденнинг сўзларига кўра, Вашингтон Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади, шунингдек, можарога “адолатли шартлар асосида” барҳам беришга интилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь