Россия ва Украина ўртасидаги сулҳ тугади
Олам
−
09:14 3173 2 дақиқа
Ғалаба кунига бағишланган вақтинчалик сулҳ 12 май ярим тунда якунланди.
Сулҳ 8–11 май кунлари амал қилди. Россия Президенти Владимир Путин бу ташаббусни 29 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот чоғида илгари сурган эди. Кремль ва Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Россия қўшинлари ўт очишни тўхтатиш тартибига қатъий риоя қилган.
Аввалроқ, Дональд Трамп Москва ва Киев ўртасидаги сулҳ 9, 10 ва 11 май кунларигача узайтирилишини маълум қилган эди. Кейинчалик Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганини айтган. Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам бу маълумотни тасдиқлаган.
Владимир Путин 9 май куни Трампнинг таклифини “инсоний ва асосли ташаббус” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бу қарор нацизм устидан қозонилган умумий ғалабага ҳурмат белгиси бўлган.
Украина томони эса 6 май ярим тундаёқ “жимлик режими”га тайёрлигини билдирган ва “ойна каби жавоб” тамойили асосида ҳаракат қилишини айтган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг билдиришича, 11 майдан кейин сулҳни узайтириш бўйича ҳеч қандай келишув бўлмаган. Юрий Ушаков ҳам буни тасдиқлаган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, сулҳ даврида Украина томонидан 23 802 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 9 май куни Ғалаба куни муносабати билан Москвага келган хорижий лидерлар билан икки томонлама учрашувлар якунлари бўйича журналистлар билан мулоқотда Украинадаги можаро якунланишга яқинлашаётганини айтганди.
Live
Барчаси