Россия ва Украина бир-бирининг ҳарбий ҳаво кучларига зарба берди
Олам
−
16 Май 2023 15464 2 дақиқа
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Киевдаги Американинг “Patriot” зенит-ракета мажмуасига гипертовушли “Кинжал” ракетаси билан зарба берилганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик вакили Игорь Конашенковнинг бугун, 16 май куни эълон қилинган баёнотида сўз борди.
Айтилишича, Россия кучлари нафақат “Patriot” зенит-ракета мажмуасини йўқ қилган, балки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида Британияда ишлаб чиқарилган “Storm Shadow” ракеталарини тутиб олган.
“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кун давомида еттита узоқ масофали “Storm Shadow” қанотли ракеталарини, учта HARM антирадар ракеталарини ва еттита HIMARS ялпи ракеталарини зарарсизлантирди”, деган Конашенков.
Игорь Конашенковнинг сўзларига кўра, ҳужум отрядлари Бахмут шаҳрининг ғарбий чеккасида жангларни давом эттирмоқда.
Айни пайтда Украина Мудофаа вазири Алексей Резников мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг олтита “Кинжал” ракетасини уриб туширганини эълон қилди.
“Украина ҳаво кучларининг яна бир ажойиб муваффақияти! Ўтган 24 соат ичида бизнинг осмон ҳимоячиларимиз Россиянинг олтита гипертовушли “Кинжал” ракетасини ва бошқа 12 та ракетасини уриб туширди. Россиялик “террорчилар” Украинани эгаллай олмайди. Уларнинг қуролларига Ғарб қуроллари қарши тура олади ва бу шарт ҳам. Ҳаво кучларимиз ходимлари ҳамда Украина ва бутун Европа осмонини ҳимоя қилишга сармоя киритган ҳамкор давлатларимизга раҳмат. Келинг, биргаликда ғалаба қозонайлик!”, деб ёзган Резников Twitter'даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 май куни эрталаб Россия учувчисиз самолётлар, қанотли ва баллистик ракеталар ёрдамида Киевга фавқулодда шиддатли ҳаво ҳужумини уюштирганди. Киев мэри Виталий Кличко ракета қисмлари қулаб тушиши оқибатида бир неча машина ёниб кетгани ва пойтахт ғарбидаги Соломенский туманидаги бинога зарар етганини, уч киши жароҳатланганини маълум қилди.
Live
Барчаси