Россия ва АҚШ делегациясининг Ар-Риёддаги музокаралари якунланди

Олам

image

Бугун, 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Америка ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар якунланди. Бу ҳақда Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков музокаралардан кейин журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.

Қайд этилишича, дастлаб, Ушаков музокаралар муваффақиятли ўтганини ва томонлар келгусида бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга келишиб олганини билдирган.

“Биз шунчаки бир-биримизнинг манфаатларимизни ҳисобга олишга келишиб олдик. Шу билан бирга, биз икки томонлама муносабатларни ривожлантиришимиз керак, чунки бундан Москва ҳам, Вашингтон ҳам манфаатдор”, деган Юрий Ушаков.

Унга кўра, делегациялар Россия ва АҚШ раҳбарлари Владимир Путин ва Дональд Трампнинг учрашувини ҳам муҳокама қилган.

“Бу масала муҳокама қилинди, биз бундай учрашув учун шароит яратиш устида ишлаймиз”, деган Россия Президентининг ёрдамчиси.

Унинг айтишича, музокаралар доирасида томонлар Украина масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

Кейинги баёнотида эса Россия Президенти ёрдамчиси Россия ва АҚШ позициялари яқинлашиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтган.

“Ҳозирча яқинлашиб бормоқда, дейиш қийин, бироқ бу ҳақда гап бўлди”, дея гапирган Ушаков.

Маълумот учун, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар бугун эрталаб маҳаллий вақт билан соат 10:30 да Ар-Риёдда бошланди. Тахминан 2,5 соатдан сўнг томонлар 15 дақиқалик танаффусга чиқишди, шундан сўнг музокаралар тушликкача давом этди.

Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев иштирок этмоқда.

АҚШ делегацияси таркибида Давлат котиби Марко Рубио, Президент Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уалс ва АҚШ етакчисининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стивен Уиткофф бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Сергей Лавров Ар-Риёд Юрий Ушаков Марко Рубио Майк Уалс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг