Россия Ўзбекистонга маймунчечакни аниқловчи тест тизимларини юборади
Саломатлик
−
27 Август
2616Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари, шунингдек Тожикистон ва Ўзбекистон Россиядан маймунчечакни аниқловчи тест тизимларини етказиб беришни сўраган. Бу ҳақда Россия Федерацияси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 26 август куни Роспотребнадзор ташаббуси билан Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар аҳолисининг санитария-эпидемиология фаровонлиги соҳасидаги ваколатли органлар раҳбарлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон санитария шифокорлари иштирок этган. Унга Тожикистон ва Ўзбекистоннинг санитария-эпидемиология осойишталиги соҳасидаги ваколатли органлари раҳбарлари ҳам таклиф этилган.
Кенгаш аъзоларига кўра, ЕОИИга аъзо давлатлар, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистонда маймунчечак касаллигининг тарқалиш хавфи паст деб баҳоланмоқда. Иштирокчилар Евроосиё минтақасидаги барча мамлакатларда кўрилаётган эпидемияга қарши чораларни муҳокама қилиб, чегарада карантин назорати чоралари кучайтирилганини таъкидлаган. Шунингдек, йиғилишда иштирок этган давлатлар Россиядан маймунчечакни аниқлаш учун тест тизимини тақдим этишни сўраган ва Роспотребнадзор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишини билдирган.
Маълумот учун, маймунчечак кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, иситма, интоксикация, катталашган лимфа тугунлари ва доғлар кўринишидаги тошма аломатлари билан маълум. Вирус одамларга кемирувчилар ва приматлар каби ёввойи ҳайвонлардан юқади, шунингдек, одамдан-одамга юқиши ҳам мумкин. Енгил ҳолатларда касаллик ўз-ўзидан ўтиб кетади ва икки ҳафтадан уч ҳафтагача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус маймунчечак бўйича эпидемиологик фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.
LiveБарчаси