Россия Ўзбекистонга қачондан авиақатновларни тиклаши мумкинлиги айтилди
Олам
−
08 Июнь 2020
22568"Росавиация" агентлиги "Роспотребнадзор"га 15 июлдан халқаро парвозларни қисман очиш тўғрисида таклиф юборди. Дастлабки парвозлар МДҲ давлатлари, жумладан Ўзбекистонга бўлиши айтилмоқда. Бу ҳақда йирик авиакомпаниялардан бирига асосланиб, РБК нашри хабар берди.
"Дастлаб 15 та мамлакатга парвозларни қайта тиклашлари мумкин. Рейслар тўғрисида қарор юқоридаги давлатлар Россиядан парвозларни қабул қилишга розилик берганидан кейин тасдиқланади", дейилади хабарда.
Қисман тикланадиган ҳаво йўналишларини очиш тўғрисидаги таклифга ўхшаш маълумотни авиакомпаниядаги манбага таяниб ТАСС агентлиги ҳам берган. Агентликнинг хабар беришича, "Росавиация" агентлигининг таклифлари йирик авиаташувчилар билан бўлган учрашувда шакллантирилган. Бу Бош вазир Михаил Мишустиннинг халқаро ҳаво қатновини тиклаш ва соҳани ривожлантириш бўйича топшириғидан кейин содир бўлгани айтилмоқда.
Россиянинг "Интерфакс" нашри хабарига кўра, улар биринчи навбатда Евросиё иқтисодий иттифоқи ва МДҲ мамлакатларига парвозларни қайта бошлашлари мумкин. Май ойи бошида "Аэрофлот" вакили Юлия Спивакова, оптимистик прогнозларга кўра, ҳаво қатнови ёз ўрталарида тикланиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Маълумот учун, Россия пандемия сабаб 27 мартдан бошлаб халқаро рейсларни тўхтатди. Чет элда қолган Россия фуқаролари ўз ватанларига қайтишлари учун ҳукуматнинг қарорларига биноан алоҳида парвозлар амалга оширилди.
LiveБарчаси