Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон газ иттифоқи кенгайиши мумкин
Жамият
−
11 Август 2023
6175Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг уч томонлама газ иттифоқи бошқа давлатларни ҳам қамраб олиши мумкин. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский РИА Новости агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Биз газ соҳасида уч томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини истисно қилмаймиз. Бунга бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билдираётганини биламиз. Биз барча иштирокчиларнинг позицияларини ҳисобга олган ҳолда ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликка очиқмиз”, деган Биричевский.
Бироқ Биричевский айнан қайси давлатлар газ иттифоқига қизиқиш билдираётганига аниқлик киритмаган.
Айтиш жоизки, ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга ушбу соҳадаги уч давлатнинг тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш учун “уч томонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. 2023 йил январида Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари “Газпром” билан ҳамкорлик режасини имзолаган.
Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонга Россиядан газ етказиб бериш “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали амалга оширилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Июль ойи ўрталарида Россиянинг “Газпром” компанияси ва QazaqGaz ўртасида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия табиий газини Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича келишув имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистоннинг QazaqGaz ширкати жорий йилнинг октябрь ойидан Ўзбекистонга Россия газини ташишни йўлга қўймоқчи эканини маълум қилганди.