Россия Украинага кенг кўламли ҳужумга тайёрланмоқда – НАТО

Олам

image

Россия Украинага кенг миқёсли босқинни режалаштиришда давом этмоқда. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг шундай фикр билдирди.

“Барча аломатлар Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужумни режалаштиришда давом этаётганидан далолат беради. Биз ҳарбий кучларнинг кўпайиши давом этаётганини кўрмоқдамиз. Россия ортга қадам ташлашга ваъда берди, лекин мустаҳкамлашда давом этмоқда. Кўряпмизки, кўпроқ қўшинлар ўз гарнизонларидан чиқмоқда ва зарба беришга тайёр”, деган Столтенберг НАТО-Украина комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилиши якунлари бўйича.

Блок раҳбари Кремлнинг “ДХР” ва “ЛХР” деб аталувчи ташкилотларни тан олиш қарорини қоралади. 

“Бу Россия томонидан жиддий эскалация ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши”, деган Столтенберг.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.

Россия иқтисодиёти ҳам Путиннинг қароридан ларзага келди. Гап шундаки, рус биржаларида кескин пасайиш кузатилди. Мамлакат иқтисоди учун тиргак бўлувчи компаниялар акциялари "қулади".

Шунингдек, Вашингтон Россиянинг ўзига ҳам санкция киритди. Чекловлар давлат суверен қарзи ва банкларига тааллуқли бўлди. Унинг ортидан Европа Иттифоқи, Канада, Буюк Британия, Австралия ва Япония ҳам Москвага қарши иқтисодий чекловлар жорий қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

193

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг