Россия – Украина уруши яна авжига чиқди
Таҳлил
−
11:20 3780 5 дақиқа
Россия ва Украина ўртасидаги уруш яна жонланди. Россия тунда Украина шаҳарларига кенг кўламли зарбалар берди. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг таъкидлашича, тун давомида Россия томонидан Украина ҳудудига 656 та дрон ва 73 та ракета учирилган. Зарбалар натижасида Киев ва Днепр энг кўп зарар кўрди, бу ҳудудларда 23 киши ҳалок бўлди. Мамлакат бўйлаб 100 дан ортиқ киши жароҳатланган. Зеленский мамлакатга қарши яна бир йирик ҳужум 3 июнь кечаси содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Россиянинг ушбу йирик ҳужумига Украина ҳам муносиб жавоб қайтарди. 3 июнь куни эрталаб дунёнинг йирик тадбиркорлари, инвесторлари ва сиёсатчиларини бирлаштирадиган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми бошланиш арафасида шаҳар дронлар ҳужумига учради. Хўш, Россия нозик меҳмонларини ҳужумлардан қандай ҳимоя қилади? Яқин дақиқаларда Qalampir.uz бу ҳақда батафсил маълумот беради.
Россия Киевга қақшатқич зарба берди
Россия 2 июнга ўтар кечаси Украина шаҳарларига кенг кўламли ҳужум уюштирди. Бу бир неча ой ичидаги энг ҳалокатли ҳужумлар сифатида баҳоланмоқда. Президент Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, мамлакат бўйлаб жами 656 та зарба берувчи дрон ва 73 та турли хил баллистик ҳамда қанотли ракеталар учирилди.
Асосий зарба пойтахт Киевга берилди. Ўнлаб турар-жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етган. Украина пойтахтида ҳалок бўлганлар сони 7 кишига етди. Сўнгги маълумотларга кўра, 90 киши жароҳатланган, 38 нафар фуқаро касалхонага ётқизилган.
Днепрда эса, 4 қаватли уйнинг бир қисми вайрон бўлди. Ҳужум оқибатида 16 киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди, 42 киши жароҳатланди. 6 киши эса, бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, уларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Ҳужум қурбонлари орасида ўт ўчириш-қутқарув отряди бошлиғи ўринбосари, майор Антон Ярмоленко ҳам бор. У зарба пайтида айнан чақирув бўйича кетаётган эди.
Украина Қуролли Кучларининг маълумотларига кўра, Каспий денгизи ҳудудидан “Калибр” ракеталари учирилган. Ҳужумларда жами 73 та ракета ва 656 та турли хил дронлардан фойдаланилган. Улар орасида 5 та “Калибр”, 33 та “Искандер-М” баллистик ракетаси, 27 та Х-101 қанотли ракетаси ва 8 та 3М22 “Зиркон” ракетаси борлиги маълум қилинган. Украина томони 33 та ракета ва 33 та дрон нишонга текканини, 40 та ракета ва 602 та дрон эса уриб туширилганини ёки йўқ қилинганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Харьков, Киев, Николаев, Запорожье, Полтава, Суми, Чернигов ва Хмелнитский вилоятлари ҳам ҳужумга учради. Хусусан, Харьковда энергетика инфратузилмаси зарар кўрди. Ҳозирда жабрланган ҳудудларда 500 дан ортиқ қутқарувчилар ишламоқда. Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари Игорь Клименконинг сўзларига кўра, пойтахтда қутқарувчилар кечадан бери деярли барча туманларда – 29 та ҳудудда иш олиб борган. Ёнғинларнинг аксарияти ўчирилди, Киевнинг 5 та туманида 6 та фаол нуқтада ишлар давом этмоқда. Умумий ҳисобда 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.
“Кенг кўламли ҳужум ва Россиянинг мутлақо очиқ баёноти: агар Украина баллистик ва бошқа ракета зарбаларидан ҳимояланмаса, бу ҳужумлар давом этаверади. Уруш ниҳоясига етиши учун Европанинг ўз антибаллистик тизими бўлиши керак. Шунингдек, Patriot тизимлари учун ракеталар етказиб беришда АҚШнинг ёрдами жуда муҳим. Биз ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлашига ва бугунги зарбага нисбатан самарали жавоб қайтаришларига умид қиламиз”, – деди Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги “Киев режими томонидан содир этилган террорчилик ҳаракатларига жавобан” Киев, Запорожье, Харьков ва Днепропетровскдаги мудофаа-саноат мажмуаси корхоналарига, шунингдек, Полтава, Хмельнитский ва Суми вилоятларидаги Украина Қуролли Кучлари манфаатлари йўлида фойдаланиладиган ёнилғи ва транспорт инфратузилмаси ҳамда ҳарбий аэродромларга гипертовушли аэробаллистик ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида оммавий зарба берганини маълум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский 2 июнь куни тунги бомбардимонлардан сўнг аҳолини яна бир йирик ҳужум эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганди.
“Бизнинг разведка маълумотларига кўра, бугун кечқурун яна бир кенг кўламли ҳужум содир этилиши мумкин”, деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Украина Россияга муносиб жавоб қайтарди
Россия муҳим халқаро тадбир олдидан жиддий ҳужумга учради. 3 июнь куни эрталаб Украина дронлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Кронштадт, шунингдек, Киров ва Красносельск туманларидаги инфратузилма объектларига ҳужум қилди. Оқибатда бир неча киши жароҳатланди, айрим объектларга зарар етди. Ушбу ҳужум шаҳарда 3-6 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг биринчи кунида содир бўлди. Муҳим тадбирнинг очилиш кунида эса, ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида Россиянинг Болтиқбўйи минтақасидаги суюқ юкларни қайта юклаш бўйича энг йирик терминаллардан бири – Петербург нефть терминалида ёнғин содир бўлган. У йилига 12,5 миллион тонна маҳсулот ўтказиш қувватига эга бўлиб, нефть маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган 21 та резервуарни ўз ичига олади. Ушбу корхона Россия хавфсизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.
3 июнга ўтар кечаси Ленинград вилоятида об-ҳаво бўйича огоҳлантириш эълон қилинди. Вилоят губернатори Александр Дрозденко 59 та дрон уриб туширилганини маълум қилди. Лужский туманида дрон парчалари тўртта хусусий уйга зарар етказган, ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
“Пулково” аэропортида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилган, “Росавиация” шунингдек, Ленинград вилоятининг бир қатор туманлари ҳаво ҳудудини чеклаб қўйган. Санкт-Петербург аҳолиси эса, эрталабдан бери мобил алоқа ва интернетда узилишлар кузатилаётганини маълум қилмоқда. Фойдаланувчилар айрим сайтлар очилмаётгани, мессенжерлар фаолиятида ҳам носозликлар юзага келганидан шикоят қилишган.
Бу ҳолатлар дунёнинг йирик тадбиркорлари, инвесторлари ва сиёсатчиларини бирлаштирадиган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми бошланиш арафасида юз бермоқда. 5 июнь куни форумда Россия Президенти Владимир Путин нутқ сўзлаши режалаштирилган. Хусусан, олий даражадаги меҳмонлар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам бор. Давлат раҳбари Путиннинг таклифига биноан 4 июнь куни Санкт-Петербург шаҳрига расмий ташриф билан боради.
Live
Барчаси