Россия Туркия билан авиақатновларни нега чеклагани маълум бўлди
Олам
−
14 Апрель 2021
8184Туркиянинг барча вилоятларида коронавируснинг британча штамми тарқалган. Бу ҳақда Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова Ҳукумат уйида бўлиб ўтган брифингда маълум қилган.
Маълумки, Россия эртага, 15 апрелдан 1 июнгача Туркия ва Танзания билан авиақатновларни чекламоқда.
Попованинг таъкидлашича, Россияга коронавирус билан қайтганларнинг деярли 80 фоизи яқинда Туркиядан келганлар.
"Санитария-карантин назорати маълумотларига кўра, халқаро рейслар очилгандан буён биз чет элдан қайтиб келган деярли 3 миллион кишини эпидемиологик шароитда текширдик ва 25 мингдан ортиқ кишида янги коронавирус аниқланди. Бу тест топширганларнинг 1 фоизи дегани ва бу жуда юқори рақамлар. Шуни айтмоқчиманки, юқтирганларнинг умумий сонидан деярли 80%и Туркия Республикасидан келган фуқароларимиздир”, дейди Попова.
Унга кўра, дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ҳозирча барқарорлашмаган.
"Жорий йилнинг апрель ойи биринчи ўн кунлигидан бошлаб, Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатларида касалланишнинг ўсиши кузатилмоқда. Шунингдек, Африка қитъасида, Америка қитъаларида ва Осиёда вазият беқарор”, дейди у.
Мутахассиснинг қайд этишича, сўнгги пайтларда коронавирус билан боғлиқ вазият Россия билан ҳаво қатновини очган 21 та давлатда ёмонлашган.
"Агар биз очиқ ҳаво алоқаси мавжуд бўлган мамлакатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда сўнгги уч ҳафта ичида 30 та бундай мамлакат 21 тасида биз вазиятнинг беқарорлашувини кўрмоқдамиз. Аммо касалликнинг энг юқори даражаси Туркия Республикасида қайд этилган”, дейди у.
Маълумот ўрнида, Туркия 2020 йилнинг 1 август куни биринчилардан бўлиб Россия билан ҳаво қатновини қайта тиклаган эди.
Айни вақтда Россиянинг Туркия билан ҳаво қатновини тиклаши ортида фақат коронавирус эмас, балки сиёсий сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Боиси ўтган ҳафта Украина Президенти Владимир Зеленский Туркияга ташриф буюриб, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказди. Мулоқот якунлари бўйича баёнот давомида Туркия Қримни Россиянинг ҳудуди деб тан олмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси