Россия тарихда илк бор ФМХТга раислик қилади
Олам
−
20 Октябрь 2023
10570Россия биринчи марта Фуқаро мудофааси халқаро ташкилоти (ФМХТ) ижроия кенгаши раиси этиб сайланди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
"Россия биринчи марта Фуқаро мудофааси халқаро ташкилотининг Ижроия кенгашига раис бўлди. Бу қарор Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган ФМХТ Ижроия кенгашининг 56-йиғилишида қабул қилинди", дейилади вазирлик сайтида.
“Ижроия кенгаши раиси – Фуқаро мудофааси халқаро ташкилоти тузилмасидаги муҳим ва ўта масъулиятли лавозимлардан бири. Биз ўз фаолиятимиз давомида очиқлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига амал қиламиз ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар билан манфаатли ҳамкорлик қиламиз”, дейди Россия ФВВ матбуот хизмати раҳбари.
Маълумот учун, Россия ўз номзодини жорий йилнинг февраль ойида илгари сурган эди. Унинг раислиги 2025 йилгача давом этади.
Фуқаро мудофааси халқаро ташкилотига (ФМХТ) Франциянинг тиббиёт хизмати генерали Жорж Сен-Поль томонидан асос солинган бўлиб, 1931 йилда "Женева ҳудуди" халқаро ассоциациясига, 1958 йилда Фуқаро мудофааси халқаро ташкилотига айлантирилган. ФМХТнинг асосий вазифалари – фуқаро мудофааси миллий ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш, аҳолини муҳофаза қилиш соҳасида тадқиқотлар ўтказишга кўмаклашиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганда аҳолини ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича тажриба алмашинувини йўлга қўйишдан иборат.
ФМХТнинг штаб-квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган бўлиб, унга 53 та давлат аъзо. Хусусан, МДҲ давлатларидан Озарбайжон (03.11.1993й.), Арманистон (01.04.1994й.), Молдова (11.01.1997й.), Россия Федерацияси (06.05.1993й.), Қозоғистон Республикаси (15.03.1996й.) ва Қирғиз Республикаси (09.01.2012й.) мазкур халқаро ташкилотга аъзо бўлган.
2012 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси вакиллари ҳам ФМХТнинг тадбирларида иштирок этмоқда. 2014 йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон ФМХТнинг Доимий котибиятида кузатувчи сифатида рўйхатдан ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь