Россия спортчилари бошқалар учун хавф туғдиради – Украина футбол ассоциацияси президенти
Спорт
−
15 Февраль 2023
3397Россия спортчилари бошқалар учун хавф туғдиради. Ривожланган мамлакатларда спортчилар хавфсизлигини таъминлашнинг ягона йўли россияликларга халқаро тақиқ қўйишдир. Бу ҳақда Украина футбол ассоциацияси президенти Андрей Павелконинг Туркиядаги “Шинник” ва “Минай” футболчилари ўртасидаги муштлашувга нисбатан билдирган муносабатида сўз борган.
Павелконинг таъкидлашича, ҳолат содир бўлгач, у зудлик билан “Минай” клуби раҳбарияти ва Туркия футбол федерацияси билан боғланган.
“Аввалига “Минай” клуби раҳбарияти билан гаплашдим. Рус клуби вакилларининг “Минай” футболчиларига нисбатан уюштирган провокацияси “Шинник” аъзоларига ҳуқуқий ҳимоя кераклигига ишора қилади”, дейди Павелко.
Билдирилишича, Украина футбол ассоциацияси президенти Туркия футбол федерациясига агрессив россиялик футболчиларни жамоалардан ажратиб олиш чораларини кўришни сўраб мурожаат қилган.
“Бугунги кунда россияликларга нисбатан спорт санкцияларини юмшатиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида ўйлаганларнинг барчаси “Минай” билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратишлари керак. Россия спортчилари бошқалар учун хавф туғдиради. Ривожланган мамлакатларда спортчилар хавфсизлигини таъминлашнинг ягона йўли россияликларга халқаро тақиқ қўйишдир!” дейди Павелко.
Ҳозирги вақтда “Минай” ва “Шинник” клублари жой олган Aнталиядаги меҳмонхона полиция томонидан жиддий назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 февраль куни Туркиянинг Анталия шаҳридаги меҳмонхонада Россиянинг “Шинник” ва Украинанинг “Минай” клуби футболчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Можаро “Минай”нинг бир неча вакиллари Ярославл клуби раҳбарининг олдига келиб, ундан Украина мадҳиясини куйлашни талаб қилганидан сўнг бошланган. “Шинник” раҳбари эса украиналикларга масалани кўчада ҳал қилишни таклиф қилган, аммо меҳмонхона ходимлари можарони жойнинг ўзида бартараф этган.
Бироз вақт ўтгач, Украина клубининг бир неча ўйинчиси “Шинник” футболчисини лифтда калтаклаган. Лифт белгиланган қаватга етиб келганида, бир гуруҳ россиялик футболчилар ҳолатни кўрган ва улар ўртасида оммавий муштлашув келиб чиққан. Натижада меҳмонхона мутасаддилари воқеа жойига полиция ва тез ёрдам чақирган.